Ер участкам олиб қўйилди…
- Самарқанд шаҳри четида ер участкам бор. Ҳокимлик вакиллари келиб, бу ер майдонини давлат эҳтиёжи учун олиниши ҳақида огоҳлантиришди. Мен ушбу ер участкаси ўрнига бошқа жойдан ер майдони олсам бўладими? Умуман, ер участкаси давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилса унинг эгасига бирор имконият бериладими?
Абдураим ЖЎРАЕВ,
Самарқанд шаҳри.
- Фуқаронинг ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда амалдаги қонунларга асосан у бир неча кафолатларга эга бўлади. Жумладан, Уй-жой кодексининг тегишли моддалари билан фуқаролар (юридик шахслар) мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа тураржой мулк қилиб берилади. Шунингдек, бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шу билан бирга ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.
Ер кодекси талабларига кўра ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишинча туман, шаҳар, вилоят ҳокими ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олинади. Ер майдони аввалги ер участкаси билан айнан бир хил участка ажратилгач ва янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар қуриб берилганидан кейин ҳамда барча зарарлар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўла ҳамда қопланганидан кейин олиб қўйилади.
Феруз КАРИМОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Самарқанд вилоят суди катта мутахассиси.