Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Пахтачи туманларида ноқонуний ер сотиш ҳолатлари аниқланди

Давлат хавфсизик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоятдаги бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда бир нечта ноқонуний ер сотиш ҳолатлари фош этилди.

Хусусан, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Миллий гвардия вилоят бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Иштихон туманида яшовчи М.Х. ва Ж.А. фермер хўжалигига тегишли бўлган 8,5 гектар ер майдонини маҳаллий фуқарога 84 миллион сўмга сотишга келишиб, келишилган пул маблағларини олаётган вақтда қўлга олинди.

Департаменти ходимлари билан ўтказилган яна бир тезкор тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролар Р.Х. ва Х.Ф. шаҳар ҳудудида ўзларига тегишли бўлган масъулияти чекланган жамиятга қарашли, Хитой технологияси асосида иссиқҳона қуриш учун ажратилган 0,50 гектар суғориладиган ер майдонини маҳаллий фуқарога 60 минг АҚШ долларга сотишга келишиб, келишилган пулдан 20 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Пахтачи туманида яшовчи фуқаролар С.С. ва С.Ш. маҳаллий фуқарога совун маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ташкил қилиш учун ўзларига тегишли фермер хўжалиги худудидан 1,2 гектар ер майдонини 87 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, 83 минг долларини олдиндан олаётган вақтда қўлга олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.