Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

160 минг долларга бегона ташкилот ерини сотиб юбормоқчи бўлган шахс ушланди

 ИИБ хабарига кўра, шу йилнинг 14 июль куни, фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган. Айтилишича, у тадбиркорлик қилиш мақсадида бўш ер майдони излаб юрган вақтида, Оқдарё туманида яшовчи икки киши Даҳбед массиви ҳудудида жойлашган МЧЖга тегишли 3 гектар ер майдонини ўзиники деб ишонтирган. Ерни 150 000 долларга сотишини, 10 минг доллар эвазига туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали унинг номига иссиқхона учун ҳужжат расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 40 000 доллар миқдоридаги пулни талаб қилиб келган. 

Шу куни, Самарқанд вилоят ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида, Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, иккала фуқаро ариза муаллифидан 40 000 доллар пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.