Иштихонда ишсиз оилаларга ер бериш бошланди
Президент қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган ерлар ҳисобидан фуқароларга ер майдонлари ажратиляпти.
10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ўлчамдаги ерлар очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида берилмоқда. Бу имкониятдан асосан “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқаролар фойдаланиши мумкин. Биз айнан шу масалада Иштихон туманида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдик.
1663 нафар ишсизга 15 сотихдан ер ажратилди
Туманда ишсизлик муаммоси, хусусан, камбағалликни қисқартириш мақсадида 2022 йилда 392 гектар ер майдони 10 йил муддатга ижара шартномаси асосида ажратилиши белгиланган. Бугунги кунгача e-auksion.uz савдо майдончасига жойлаштирилган 2272 та лотдан 2246 таси учун ғолиблар аниқланди.
- Меҳнат қиламан, деган кишига бу катта имкониятдир, - дейди туман маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази директори Қосим Нуриддинов. – Танловда ғолиб бўлганларнинг 371 нафари “Темир дафтар”, 240 нафари “Аёллар дафтари”, 1052 нафари эса “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ишсизлар ҳисобланади. Қолган 586 нафари “дафтар”ларга киритилмаган, аммо томорқадан самарали фойдаланаётган, ерга эҳтиёжи бор фуқаролардир.
Ерли бўлган билан камбағал бой бўлиб қолмайди
Туманнинг учинчи сектор ҳудудида жойлашган "Қўнғирот" маҳалласи Арзиқул қишлоғида “Темир дафтар”да турган 19 кишига, “Аёллар дафтари”даги 7 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 37 нафар фуқарога 15 сотихдан ер майдони ажратилди.
- Ўтган йили ҳам ишсиз ёшларга ер майдонлари ажратилган эди, - дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғи, сектор раҳбари Сирож Шарипов. - Аммо уларнинг барчаси ҳам берилган ердан унумли фойдалана олмади. Бунга сабаб ёшларнинг тажрибасизлиги, уруғ танлашда, агротехник тадбирларни ўтказишдаги тушунмовчиликлар, қолаверса, уларга кўмаклашишда мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги ҳамдир. Шунинг учун энди “Ерни танловда ғолиб бўлганга бердик, иш битди”, деб бепарволик қилмаслигимиз керак. Уларга “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилига амал қилишлари, уруғ, ўғит ва сув таъминотида муаммога дуч келмасликлари учун яқиндан кўмаклашиш, малакали агрономларнинг ёрдамига таяниш лозим. Хуллас, 10 йил давомида ерни шудгорлашдан то ҳосилни бозорга чиқариб сотишгача бўлган жараёнда уларга масъуллар яқин кўмакчи бўлиб ишларни назоратга олиб борсагина мақсадга эришиш мумкин. Агар шундай қилмасак, танловда ғолиб бўлиб, ерли бўлган билан камбағал бой бўлиб қолмайди.
Кўрсатилаётган хизматлар бепул
Кўпчилик e-auksion.uz савдо майдончаси орқали ер олиш пуллик, деб ўйлайди. Сабаби “аукцион” сўзи “оммавий кимошди савдоси”, деган маънони билдиради. Аммо бу танловда пул роль ўйнамайди. Ерга эҳтиёжлиги, ижтимоий “дафтар”ларга киритилганлиги, деҳқончиликдан хабардорлиги инобатга олиниб, баллар берилади ва иштирокчилар орасидан юқори натижага эришганлар ғолиб ҳисобланади.
- “Аёллар дафтари”га киритилганман, - дейди "Қўнғирот" маҳалласида яшовчи Манзура Назарова. – Мени ва турмуш ўртоғимни ишсизлик муаммоси қийнар эди. Таваккал қилиб танловда қатнашиш учун онлайн ариза топширдим. Қўл телефонимга ғолиб бўлганлигим ҳақида хабар келди. Шунингдек, давлат хизматлари маркази томонидан ғолибларга деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтиш хизмати ҳам кўрсатилди. Авваллари бир ҳужжат тўғрилаш учун қанча сарсон бўлар эдик. Аҳамиятлиси, кўрсатилаётган хизматлар бепул. Берилган бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, ажратилган ердан мўмай даромад қилишни ният қилганмиз.
Ҳаракат қилган барака топаркан
"Чағатой" маҳалласи ёшларидан бири Зафар Холиқулов талаба бўлиш орзуси амалга ошмагач, бир муддат ишсиз қолди. Аммо “Олма пиш, оғзимга туш!” деб ўтирмади. Унинг исм-шарифи “Ёшлар дафтари”га киритилгандан кейин яратилаётган имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Банкдан 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, асаларичилик билан шуғуллана бошлади. Бўш вақтида томорқасида меҳнат қилди. 3 йиллик кредитни бир йилга қолмай қайтарди.
- Иккинчи сектор раҳбарининг таклифи билан мен ҳам танловда иштирок этдим, - дейди З. Холиқулов. – Ғолиб бўлдим ва маҳалламиздаги катта йўл ёқасида жойлашган экин майдонининг 15 сотихидан 10 йил давомида фойдаланиш имкониятига эга бўлдим. Ҳам асаларичилик билан, ҳам деҳқончилик билан шуғулланаман. Тенгдошларимда хоҳиш бўлса, уларни асларичилик билан шуғулланишга таклиф қиламан.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).