Ер майдони ажратиш тартибларини биласизми?

Бугун кўпчилик тадбиркорлик қилиш ёки деҳқончилик билан шуғулланиш учун ҳаракат қиляпти. Чунки бунинг учун имкониятлар, енгилликлар яратилган. Фақат ҳар иккала фаолият билан шуғулланиш учун ер майдони керак. Айнан шу масалага келганда айримлар “Ер олиб бераман”, деган фирибгарларга ишониб, алданиб қоляпти.

Хўш, хоҳ у тадбиркор бўлсин, хоҳ оддий деҳқон хўжалиги ташкил қилувчи бўлсин, кишилар ер майдони олиш учун нима қилиши, кимга мурожаат этиши керак?

Бу ҳақда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.Худойқулов Zarnews.uz’ га қуйидагиларни маълум қилди:

 Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан  бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шу жумладан, Президентимиз томонидан 2021 йил 8 июнь куни “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Ушбу Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб:

  • ер участкалари хусусий секторга - мулк ваижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда - давлат ташкилотлари) - доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
  • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;
  • ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлармулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
  • давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун вилоят ҳокимининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
  • барча ҳолларда ер участкаларифақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин;

Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 августдан бошлаб, истисно тариқасида, фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли:

  • қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учундавлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига - Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;
  • агросаноат кластерларига- ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;
  • энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун- лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда;
  • чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга - ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари).

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид бир қатор ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинди.

Шунингдек, мазкур Фармонга асосан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш, йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш бўйича маъмурий регламенти тасдиқлаш белгиланди.

Бугунги кунда ушбу қарорга мувофиқ ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрда “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «E-IJARA» ахборот тизими орқали амалга оширилиши, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари «E-AUKSION» электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилиши, ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга ҳамда 2022 йил 1 март санасидан кейин хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига алоҳида устуворлик берилиши белгиланди.

Бугунги кунда юқоридаги қарорларга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари «E-AUKSION» электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали юридик ва жисмоний шахсларга ижара ҳуқуқи асосида берилмоқда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан қуйидагилар белгиланган:

а) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш «Yerхususiylashtirish» ААТ орқали амалга оширилади;

б) Давактив агентлиги «Yerхususiylashtirish» ААТнинг техник қўллаб-қувватлаш бўйича оператори ҳисобланади;

в) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мулк ёки ижара ҳуқуқлари асосида, якка тартибда уй-жой қуриш учун мулк ҳуқуқи асосида реализация қилиш «E-AUKSION» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади;

г) «Yerхususiylashtirish» ААТни техник қўллаб-қувватлаш, хусусийлаштирил-ган ер участкасига мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, ягона биллинг ҳисоб-китоб тизими хизматлари учун тўловлар ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Президентимизнинг фармон ва қарорлари ҳамда ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари билан тасдиқланган Низом ва Маъмурий регламентларга асосан ер ажратиш тартиблари қатъий равишда, барча учун бирдек тушунарли тарзда белгилаб берилган.