Ер юзидаги энг хатарли орол ҳақида эшитганмисиз? У ердаги илон заҳри инсон танасини эритиб юборишга қодир

Ер юзидаги энг хавф-хатарга бой оролни қандай тасаввур қиласиз? Сиз у ерда даҳшатли вулқонлар мавжуд ёки бўлмаса кимсасиз чўлдан иборат деб ўйласангиз керак. Бироқ ундай эмас. Ҳеч ким 2 соатдан ортиқ яшай олмайдиган, тирик қолишнинг умуман имкони йўқ орол жаннат макон ўлкага ўхшайди.   

Майдони 1 кв. км. бўлган унчалик катта бўлмаган орол, Сан–Паулудан (Бразилия) жанубда жойлашган. Бу ерда қайиқларни тўхтатиш ва қирғоққа чиқиш, расман Бразилия ҳукумати томонидан тақиқланган. Гап шундаки, бу ерда тирик қолишнинг умуман иложи йўқ.

Оролда сайёрамизнинг энг заҳарли илонларидан бошқа ҳеч нарса яшамайди. Бир неча асрлардан бери орол даҳшатли мавжудотлар билан ғиж-ғиж тўла. Бу ерда 1 кв. м. майдонга 5 та илон тўғри келади, уларнинг заҳри инсон танасини эритиб юборишга қодир.

Бугунги кунда бу тарихда илонлар инсонлар яшаш ҳудудидан сиқиб чиқариб юборган ягона ҳолат хисобланади.

Бир оила оролга келиб, янги ҳаёт бошлашга қарор қилганлиги ҳақида маълумот бор. Бироқ бироз вақт ўтгач, улар ҳам оролни ташлаб қочишга мажбур бўлишган.

XIX асрда банан корпорацияларидан бири оролда ўз плантациясини барпо этишни режалаштирган. Илонлар ҳужумига қарамасдан одамлар бу ерда маёқ қуришга муваффақ бўлишган. Бироқ маёқ қоровулларининг учтаси ҳам бирин-кетин вафот этишган. Бошқа ҳеч ким оролга бош суқмаган.