Эркаклар ҳам ҳимоя ордери сўраяпти

Каттақўрғонлик Машҳура (исм ўзгартирилган) кейинги тўрт ойни оила даврасида эмас, мослаштириш марказида ўтказишга мажбур бўлди. Бир неча йилдан бери оиласида турмуш ўртоғининг ҳақоратлари-ю, таҳқирлашларига, муштлашларига дош бериб келган аёл фарзандлари улғайиб бораётган пайти энди сабр қилиш зиён эканини англаб етди. Фарзандлари учун бу жанжаллар қанчалик оғриқли эканини ҳис қила бошлади. Туман ҳокимлиги, ҳомийлар томонидан аёлга ёрдам берилди. Турмуш ўртоғи даволанишга йўналтирилди, уйлари таъмирланди, ўзи ишли бўлди.
- Фарзандларимнинг отаси бўлгани учун ярашдим, тўрт ойлик муддат мени шундай хулосага келишга ундади, - дейди Машҳура. – Ўзимга, ҳаётимга нисбатан қарашим ўзгарди, ишончим ортди.
Самарқандда «Зўравонликсиз 16 кун акцияси якуни сифатида ўтказилган тадбирда вилоятда бу борада олиб борилган ишлар мутасаддилар иштирокида таҳлил этилди.
- Гарчи ҳимоя ордери берилаётган аёллар сони ойдан-ой ошаётган бўлса-да, бу зўравонликни яширишни истамаётганлар сони ортаётганидан далолат беради, - дейди «Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази» вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Моҳира Азимова. – Мисол учун, шу йилнинг ўзида 400 нафардан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган бўлса, олдинги йиллар бу рақам 100 га яқинни ташкил қилганди.
Анжуманда ички ишлар, суд идоралари, вакиллари ҳам сўзга чиқиб, оилалардаги нотинчликлар, уларнинг сабаблари хусусида фикр билдирдилар. Оиладаги нотинчликлардан эркаклар ҳам ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилаётган ҳолатлар кўпаяётгани айтиб ўтилди. Бу бўйича таклифлар берилиб, уларнинг ҳимояси юзасидан ҳам иш кўрилиши хусусида хулосалар айтиб ўтилди.