Эрта таълим – келажак пойдевори: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро эътироф

Айни кунларда Самарқандда ўтказилаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида таълим соҳасида қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Айниқса, мазкур нуфузли тадбир арафасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ЮНИСЕФ ҳамда “Reggio Children Foundation” ўртасида эрта таълим бўйича минтақавий тадқиқот ва инновация марказини ташкил этиш тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши энг муҳим воқеаларидан бири бўлди.

Бу ташаббус ҳар бир боланинг эрта ёшдан бошлаб юқори сифатли таълим олишини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мантиқий давоми бўлиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Кейинги йилларда юртимизда Президентимиз бошчилигида мактабгача таълим тизимида изчил ва мазмунли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда тизимни замонавий, инклюзив ва инновацион муҳит асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таълим сифатини ошириш мақсадида тарбиячиларнинг малакасини мунтазам ошириш, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда таълим жараёнига рақамли технологияларни кенг жорий этиш йўналишида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу ўзгаришлар мактабгача таълимни замон талабларига мос янги босқичга олиб чиқмоқда.

ЮНЕСКО шафелигида Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган Мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича II тоифали минтақавий марказ Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Марказ фаолияти эрта болалик таълими соҳасида минтақавий етакчиликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш, сиёсат таҳлилини амалга ошириш ҳамда билим ва тажриба алмашувини йўлга қўйишга қаратилган. Бу эса нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун янги имкониятлар эшигини очади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини амалга оширилмоқда. Мазкур ҳалқаро ташкилот ҳамкорлигида "Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида республикамизнинг 11 та ҳудудида Мактабгача таълим педагоглари малакасини ошириш марказлар очиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг май ойида шундай марказ Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида ҳам ташкил этилди. Бугунгача марказда 300 нафардан ортиқ мактабгача таълим ташкилоти педагогларининг малакаси оширилди. Айни кунда улар тарбияланувчиларга боғча ёшидан бошлаб замонавий билимларни бериб келмоқда. 

ЮНЕСКО шафелигида ташкил этилаётган минтақавий марказ ҳамда эрта таълим соҳасидаги янги ташаббуслар Ўзбекистоннинг глобал таълим майдонидаги фаол ва етакчи иштирокчига айланаётганини яна бир бор намоён этмоқда.

Маҳбуба Раҳимқулова,

вилоят педагогик маҳорат маркази мактабгача, бошланғич ва махсус таълим методикалари кафедраси мудири, доцент.