Эртага Ерга магнит бўрони келиши кутилмоқда

Олимлар Қуёшда иккита кучли чақнаш содир бўлганини қайд этган. Ушбу ҳодиса вақтида чиқарилган қуёш материясининг массаси ҳозирда Ер томон ҳаракатланмоқда.

Айтилишича, дастлабки, Қуёш массаларининг Ерга келиши 11 май, шанба кунига тўғри келиши кутилмоқда. 8 май куни содир бўлган чақнашлар сабаб келиб чиққан магнит бўронининг кучи тахминан G2-G3, яъни ўртача қувватда деб баҳоланмоқда. Прогнозларга кўра, магнит бўронларининг максимал кучи 13, 24, 27 май кунлари, ундан кейин эса 1 июндан 3 июнь кунига қадар кузатилади.

Олимларнинг билдиришича, магнит бўронларининг инсон саломатлигига таъсири ҳақида ишончли далил йўқ - қуруқликдаги организмлар доимо Ернинг магнит майдонида яшайди ва унинг тебранишларига мослашиши керак. Бироқ баъзи одамларнинг соғлиғи ёмонлашиши, бош айланиши ёки уйқунинг бузилиши кузатилиши мумкин. Юрак-қон томир касалликлари ёки асаб тизимининг бузилиши билан оғриганлар айниқса эҳтиёт бўлиши керак.