Ер юзини энг кучли магнит бўрони қоплаши мумкин
Бугун, 11 май куни кейинги 20 йил ичида биринчи марта Қуёшдаги бир қатор кучли чақнашлардан сўнг Ерни энг юқори даражадаги магнит бўрони қоплаши кутилмоқда.
Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институти Қуёш астрономияси лабораторияси раҳбари Сергей Богачевга таяниб, РИА Новости хабар берди.
«Уч кун давомида Қуёшдан сайёрамиз томон тўртта жуда катта плазма булути ҳаракатланди. Улардан баъзилари йўлда каттароқ объектга бирлашади. Ҳисоб-китобларга кўра, бугун тонгда Ер магнит майдонига тушади», дейди Сергей Богачев.
Олимнинг қўшимча қилишича, Қуёш астрономияси лабораторияси Қуёшда янги катта чақнаш – Х3.9 синфи ҳам қайд этилган бўлиб, бу сўнгги 25 йил ичида тўртинчи кучли чақнаш ҳисобланади.
Мазкур хабарлар фонида Гидрометеорология соҳаси мутахассиси Эркин Абдулаҳадов ҳам Telegram'даги каналида 11 май куни тушда 8 баллик геомагнит қўзғалишлар бўлиши кутилаётганини маълум қилган.
«Олмаота ионасфера институтига кўра, айни дамда 3 баллик магнит бўрони кузатилмоқда. Бу «ўта кучсиз» қўзғалиш ҳисобланади», деган Эркин Абдулаҳадов.
Ўзбекистонлик мутахассис ҳам Қуёшнинг 3664-сонли доғида бир нечта М ва Х синфга мансуб Қуёш чақнашлари содир бўлгани ва ундан ажралган плазма тўғри Ерга томон оқиб келаётгани айтиб ўтган.
Унга кўра, 11 май кунидан бошлаб, 12 май тушга қадар Ернинг магнитосфераси юқори плазмани қабул қилиши ҳамда бунинг фонида сайёрада 11 май тушга яқин 8 баллик кучли геомагнит бўрони кузатилишини прогноз қилган.