ССВ: Ерда кучли магнит бўронлари кузатилмоқда. Бундан қандай ҳимояланиш керак?
Халқаро метеорологларнинг огоҳлантиришича, 30-31 июль ва 1 август кунлари сайёрамизда 4-7 баллик давомли геомагнит бўронлари кузатилиши кутилмоқда. Хусусан, бугун тунда магнит бўронининг 7 баллик кучли қўзғалиши прогноз қилинган.
🔎 Мазкур табиат ҳодисаси алоқа, электр тармоқлари, навигация тизими билан бирга, инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Хўш бунинг олдини олиш учун қандай йўл тутиш лозим?
🔽 Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада қуйидаги тавсияларни беради:
♻️ Кучли магнит бўрони чоғида артериал гипертония хасталиги бор одамларда қон босими кўтарилиши, гипотензив беморларнинг қон босими пасайиши, қандли диабет билан оғриётган кишиларнинг эса қонида қанд миқдори ортиши мумкин.
📉 Бу ҳолат организмда ташқи стрессларга чидамлиликни таъминлайдиган мелатонин моддаси ишлаб чиқарилишининг камайиши билан изоҳланади.
📌 Оқибатда асаб тизими билан боғлиқ муаммоси бор инсонларда гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайиб, асабийлик, ҳолсизлик, реакция сусайиши ёки кучайиши белгилари юзага келади.
🩺 Қолаверса, магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган.
🗣 Ўз навбатида, магнит бўронлари пайти баъзи одамларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча уйқучанлик пайдо бўлади.
🥙 Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш ва кўпроқ суюқлик ичиш лозим.
🍎🍐 Ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган неъматлардан истеъмол қилиш зарур.
🚫 Магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ва энергетик ичимликлардан бутунлай воз кечиш ҳамда ёғли, аччиқ, шўр таомлар истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади.
🫖 Тинчлантирувчи хусусиятга эга чойлардан ичиш ҳам мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, мутахассислар ортиқча зўриқтирувчи ишлар ва машғулотлар билан вақтинча шуғулланмасликни маслаҳат беришади.
💊 Сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.
🚿 Кун давомида бир неча марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.