Магнит бўронлари нима? Унинг ер юзига қандай таъсири бор?
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 1-11 май кунлари Қуёш юзасида содир бўлаётган портлашлар туфайли ер юзини магнит тўлқинлари қоплаб олиши ҳақидаги маълумотлар кўпайиб қолди.
Унинг салбий таъсири эса сурункали касаллиги бўлган беморлар, кексалар, ҳаттоки, радио-телефон алоқаларига ҳам борлиги кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда. Наҳотки, кўзга кўринмас галактика нурлари инсониятга шу қадар зарар келтирса? Қуёш энергиясига бўлган сезгирлик, аввало, инсон танасидаги ўзгаришлар аниқроғи, марказий асаб тизимини ишдан чиқариши ҳақида гаплар тўғриси, кўпчиликни қўрқитмай қўймайди.
- Геомагнит бўронлар – бу қуёш шамоли зарбали тўлқини ёки магнит булутининг таъсири натижасида Ер магнитосферасининг вақтинчалик бузилиши ҳисобланади, - дейди Самарқанд давлат университети ҳузуридаги муҳандислик физикаси институти директори ўринбосари Завқиддин Миртошев. - Магнитли бўронлар қуёш шамолининг ўзгариши натижасида юзага келиб, Ер магнитосферасидаги оқимлар, плазмалар ва майдонларда катта ўзгаришларга олиб келади. Энг катта геомагнит бўронлари Қуёшдан мунтазам равишда отилиб чиқиб турадиган бир неча миллиард тонна магнитланган плазманинг улкан булутлари билан боғлиқ. Улар одатда Ерга бир неча кунда етиб келиши мумкин, лекин айрим кучли бўронларнинг 18 соат ичида етиб келиши кузатилган.
Бўронларни юқори тезликдаги Қуёш шамоли оқими ҳам келтириб чиқаради. Улар олдиндаги секинроқ оқимга кириб бориб, биргаликда айланадиган ўзаро таъсир ҳудудларини яратади.
- Геомагнит бўронлари сунъий йўлдошлар ва Ердаги улкан алоқа ва электр энергия узатиш тизимларига, шунингдек, инсон ҳаёти ва соғлиғига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавфли космик об-ҳаво ҳодисаларини келтириб чиқаради, - дейди З.Миртошев. - Биз ҳозир наноэлектроника ва космик технологиялар асрида яшар эканмиз, космик об-ҳаво мониторингини ва уларни олдиндан башорат қилиш усулларини ишлаб чиқиш жуда муҳим ҳисобланади. Дунё бўйлаб об-ҳавони башорат қилишнинг бир қатор космик дастурлари мавжуд.
СамДУ муҳандислик физикаси институти ядро физикаси ва астрономия кафедрасида ҳам космик об-ҳаво ва геомагнит бўронларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Ҳозирги кунда 2021-2023 йилларга мўлжалланган «Коронал масса ташланмаларининг космик об-ҳавога таъсири» мавзусидаги Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма илмий лойиҳаси доирасида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Хўш, юқори ультрабинафша нурлари саломатлик учун нимаси билан хавфли бўлади? Ундан қандай ҳимояланиш керак?
Гелио сезгирлик бу организмнинг, асосан марказий асаб ва юрак-қон томир тизимининг ўша магнит бўронларига нисбатан турли даражадаги қувват реакциясидир. Ушбу реакция туфайли танада қон босими, ҳарорат ўзгаради.
- Бу фақат касал организмнинг реакцияси эканлигини айтадиган аниқ маълумотлар йўқ, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети профессори, тиббиёт фанлари доктори Сайдулла Расулов. - Кузатишларга кўра, юқоридаги метео ва гелио шароитларга реакциялар ирсий ва кўп жиҳатдан асаб тизимининг ҳолатига боғлиқ бўлиши мумкин. Мутлақо соғлом одамлар метео ва гелио шароитларининг салбий таъсирига дучор бўлмайди. Бундай пайтда Қуёш нури келтириб чиқарадиган ўзгаришлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Жумладан, терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида ҳам касаллик пайдо бўлиши мумкин. Айниқса, аллергик касалликлар туфайли кўкрак, бўйин, қўлда турли тошмалар юзага келади. Шунингдек, кўзнинг шиллиқ пардасига ультрабинафша нурларининг таъсири шоҳпарданинг яллиғланишига олиб келиши мумкин.
Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларнинг ҳолатида кескин ёмон ҳолат кузатилса, зудлик билан шифокор билан маслаҳатлашиш, «тез ёрдам» чақириш керак. Магнит бўронлари соғлигингиз билан боғлиқ барча муаммоларни кўрсатиб беради. Бўронлар пайтида кўпроқ сув ичиш, мева-сабзавот истеъмол қилиш тавсия этилади.
Нурланиш юқори бўлганда очиқ ҳавода узоқ вақт юриш саратон касаллигига мойилликни ошириб, иммунитетни пасайтиради. Бундай кунларда кундузи қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш тавсия этилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.