Эртанги кунга ишонч бугундан бошланади
Видеоселектор тарзида ўтказилган семинарда туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари, олий ўқув юртларининг раҳбарлари ва етакчи олимлари, коллежлар директорлари иштирок этди.
Анжуманни вилоят ҳокими Т.Жўраев кириш сўзи билан очди.
Таъкидландики, вилоят аҳли Юртбошимизнинг ушбу Мурожаатномасини мамлакатдаги демократлаштиришнинг янги босқичи сифатида эътироф этмоқда. Шу боис жойлардаги таклифлар умумлаштирилиб, Мурожаатномадаги ғоя ва топшириқлардан келиб чиқиб, бешта йўналишда 95 банддан иборат "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.
– Президентимизнинг давлат сиёсатини халқ манфаати асосида ишлаб чиқиши, давлат хизматларини халққа яқинлаштириш сиёсати фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишга, давлат, Ватан, қолаверса, ўз тақдири учун масъулиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда, – деди вилоят ҳокими. – Ушбу Мурожаатномани пухта ўрганиш, ундаги ғояларни англаб етиш ана шу масъулиятни ўн, юз карра оширади.
Семинар иштирокчилари Самарқанд давлат университети олимлари – профессорлар Фарҳод Набиев, Баҳодир Тўраев, доцентлар Давлат Қурбонов, Нурали Арабов, Раҳматулла Мирзаевнинг Мурожаатномадаги йўналишлар бўйича маъруза-шарҳларини тинглади.
Шунингдек, Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари ҳокимлари Ф.Раҳимов, А.Баҳромов, Ф.Зойиров, "Нуроний" жамғармаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари раислари Ў.Нормуродов, Ф.Тошев ҳам Мурожаатнома асосида белгиланган лойиҳалар ижросини таъминлаш бўйича фикр билдирдилар.
Анжуман руҳи юртдошларимизда дунёда, мамлакатда рўй бераётган ўзгаришларни билишга, ўз ҳуқуқий савиясини оширишга иштиёқ кучли эканини кўрсатди. Шу сабабли вилоятдаги олий ўқув юртлари ректорлари раҳбарлигида тарғибот гуруҳлари тузилди. Бу гуруҳларга етакчи олимлар қаторида "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" фонди, ёшлар иттифоқи фаоллари, маънавиятчилар, ҳокимликлар вакиллари жалб этилди.
Тарғибот гуруҳлари 15 январга қадар вилоятдаги ҳар бир маҳаллада бўлиб, Мурожаатнома аҳамияти юзасидан аҳоли билан суҳбатлашади, 2018 йилда белгиланган дастурлар мазмуни бўйича тушунтиришлар беради. Шу аснода ҳаётимизни янада яхшилаш юзасидан одамлар фикри, таклифи ҳам ўрганилади.
Ўокимликнинг тегишли котибиятларига тарғибот гуруҳи аъзоларини тегишли таҳлилий материаллар билан таъминлаш вазифаси топширилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ўз йўналишларидаги идора, ташкилот ходимлари ўртасида Мурожаатнома бўйича очиқ мулоқотлар уюштиришади.
Вилоят ҳокимлигининг веб-сайтида тарғибот гуруҳлари фаолиятига бағишланган махсус рукн очилди. Вилоят Матбуот уйида етакчи журналистлардан иборат штаб эса ОАВда Мурожаатнома юзасидан билдирилган фикрларни ўрганиб, умумлаштириб боради.
Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари Б.Аллаев, А.Мухторов ва бошқалар Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ўаракатлар стратегияси асосида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилган ишлар, муаммолар ечими бўйича эришилган натижаларга тўхталдилар.
– Мурожаатномада давлатимиз раҳбарининг илмли ва маънавий салоҳияти юксак, маърифатли шахслар сафини кенгайтириш борасидаги таклифлари зиёлиман деган барча юртдошларимизни тўлқинлантирди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Б.Аллаев. – Биргина, жорий йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши педагоглар зиммасига инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифасини юклади.
Бундан ташқари, Мурожаатномада давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни юксалтириш каби йўналишлар бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
– Мамлакатимиз тарихида илк бор кузатилган бу Мурожаатнома ижтимоий-иқтисодий ҳаётда шу давргача мавжуд бўлган муаммоларга ечим топиш имкониятини яратди, – дейди Нуробод туманидаги 6-умумтаълим мактаби директори Ф.Худойқулов. – Шу пайтгача туманимиздан Самарқанд шаҳригача бўлган салкам юз километр масофани босиб ўтишда иккита йўл ҳаракати хавфсизлиги назорат постларидан ўтишга тўғри келарди. Бугун эса бу постлар олиб ташланди. Бугунги йиғилишда халқимизга эркинлик бераётган шу каби ўнлаб мисоллар тилга олинди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар тарғиботига бағишланган тадбирлар Каттақўрғон шаҳрида ҳам ўтказилди.
Шаҳардаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 2-умумтаълим мактабидаги учрашувларга ўқитувчи-мураббийлар, маҳалла фаоллари таклиф этилди.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти олимлари Н.Раҳимов, М.Қулматов, И.Саломов, Ф.Жонибеков, И.Аллаев, А.Худойбердиев Мурожаатномада белгиланган ҳар бир мақсад ва вазифаларга эътибор қаратдилар.
– Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасини телевидение орқали диққат билан эшитдим, – дейди Навбаҳор маҳалласи фаоли Ўролтош Каттақўлова. – У кишининг ташаббуси билан шаҳар ва қишлоқларимизда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар барпо этилаётгани, ногиронлар, кам таъминланган ҳамда эҳтиёжманд оилаларга ҳар жиҳатдан кўмак берилаётгани, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш ишларига қўл урилаётгани инсонпарварликнинг яққол намунасидир. Бугун яна бир янгилик эшитдим, таълим муассасаларида фаолият юритаётган пенсионерларнинг пенсияси тўлиқ бериладиган бўлибди. Президентимиз қўшни республикалар билан олиб бораётган дўстона сиёсати, амалга ошираётган савобли ишлари учун ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг ўн нафар етакчилари рўйхатига киритилибди. Бундай хушхабарлар, албатта, халқимизни янги ташаббуслар, зафарлар сари илҳомлантириш баробарида, ёшларни шу эл, шу Ватандан ғурурланиб яшаш, меҳнат қилишга даъват этади.
Азим ҚОДИРОВ.