Эшак арава ортидан “Captiva”, “Hyundai”

Оқдарё туманидаги Пичоқчи маҳалласида қўли гул ҳунарманду ишбилармон тадбиркорлар талайгина. Унинг номидан ҳам билса бўладики, қадимда бу ҳудуд темирчилари билан таниқли бўлган.

Маҳалланинг Карки қишлоғида яшовчи Камолиддин Исоқулов 2002 йилдан бери ҳунармандчилик билан шуғулланиб келади.

- Ишни бошлаганимда 22 ёшда эдим, - дейди у. – Икки укам ёрдамчи эди. Аравачалар ясаб сотардик. Дастлаб эшагимиз учун арава ясаганмиз. Кейин қўл арава, замбилғалтаклар тайёрлаб, эшак аравамизга ортиб бозорга чиқарардик. Кўп қийинчиликларга дуч келганмиз. Электр энергиясида узилишлар кўп бўларди. Текширувчи “катта”лар келавериб, ишимизга халақит берарди. Ўшанда уч ака-ука топганимиз рўзғор тебратишга зўрға етарди. Айрим танишларим бу ишни йиғиштириб, хорижда ишлашга таклиф қилган. У ерда бир ўзим минг долларлаб пул топишим мумкинлигини айтарди. Аммо уларнинг гапига қулоқ солмасдан, борига шукур қилиб, шу ишимни давом эттиравердим.

Камоллиддин Исоқулов аста-секин фаолиятини кенгайтириб борди. Айниқса, кейинги йилларда ҳунармандларга, тадбиркорларга  яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, оилавий корхона ташкил қилди. Ҳозир бу ерда ўнлаб ёшлар иш билан банд.

- Иш бошлаганимизда велосипедимиз ҳам йўқ эди, - дейди К.Исоқулов. - Оддий ходаларни бирлаштириб, устига клёнка ёпиб, қўлбола устахона қуриб олгандик. Бугун фаолиятимиз кенгайиб, эркин ишлашимиз учун шароитлар яратилган. Чизел, плуг ва бошқа қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган мосламалар тайёрлаяпмиз. Сифати хорижникидан қолишмайди ва уларга нисбатан 5-6 баравар арзон. Даромад ҳам ёмонмас, ойига харажатдан ташқари 30-40 миллион сўм қоляпти. Шунинг эвазига уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз, Замонавий машиналар сотиб олганмиз. Бизга қўшимча ер ажратилиши бўйича масъулларга мурожаат қилганмиз, шу масала ҳал этилса, корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириб, маҳалламиз ёшлари учун янги иш ўринлари яратишни режелаштиряпмиз.

Ҳа, пул топиш учун қишлоғини ташлаб, хорижга кетмаган Камолиддин ака кам бўлмади. Сабр қилиб, оиласи бағридан узоқлашмай ҳунармандчилик билан шуғулланиб ҳам мўмай даромад топса бўлишини исботлади.

Дилноза Аҳмадова,

Бахтиёр Мустанов.