Эшак ва ҳаром ўлган мол гўштларини сотган карманалик қассоблар қўлга олинди
Мазкур ҳолат Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Навоий вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида жорий йилнинг 18 июль куни аниқланган.
1972 йилда Кармана туманда туғилган, мазкур туманнинг Али Қушчи кўчасида яшовчи Б.У. исмли шахс ва унинг 1996 йилда туғилган ўғли Б.Ф. исмли фуқаро, “Тошкент” кўчасида яшовчи А.Б.лар жиноий тил бириктириб, истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини Навоий шаҳар Тинчлик қўрғонида жойлашган “Навоий Агро Мят” хусусий корхонаси биноси ёнида Ф.Т. исмли бошқа бир шахсга 1 миллион 239 минг сўмга сотган вақтда қўлга олинган.
Улардан жами 1 тонна 727 килограмм маҳсулот олиб қўйилган. Бундан ташқари, Б.М. Навоий вилояти Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази билан ўзаро тил бириктириб, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жами 892 килограмм ҳайвон гўшти маҳсулотларини истеъмолга яроқлиги ҳақида расмий ҳужжат ҳисобланган ҳужжат бериш эвазига Ф.Т.дан 1 миллион сўм олганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.