Эшигингизни “газовик” тақиллатдими?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январда қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва “зангори олов”дан фойдаланиш ускуналарига газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган жадваллар ва тарифлар бўйича профилактик хизмат кўрсатилади.

Бунда кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ ускуналари мавжуд бўлмаганда - икки йилда бир марта, турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш ускуналари - йилда бир марта ва ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал мутахассис кўригидан ўтказиш мажбурий қилиб белгиланган.

Газ тармоқларида учрайдиган турли авариялар ва талафотларнинг олдини олишга қаратилган бундай тадбирлар айни кунларда барча шаҳар ва туманларда амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Жомбойтумангаз” филиалида бугунги кунда 9 390 та хонадон табиий газга, 23 048 та хонадон суюлтирилган газга мослаштирилган. Филиалнинг 8 нафар чилангари бириктирилган ҳудудларда кунига 5-6 та хонадонлардаги газ ускуналарини кўрикдан ўтказмоқда.

- Июль ойининг 13 санасига қадар туманда 421 та хонадонларнинг газ ускуналарига техник хизмат кўрсатилди, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” масъулияти чекланган жамияти бўлим бошлиғи Салоҳиддин Маллаев. - Таъкидлаш лозимки, айрим истеъмолчилар томонидан “менинг газ ускунам соз ёки янги газ плита сотиб олганмиз, техник хизматга ҳожат йўқ, бузилса ўзим тузатиб оламан”, деган важлар билан мутахассисларни хонадонига киритмаслик ҳолатлари учраб турибди.

Ваҳоланки, кўрсатаётган хизматимиз аввало, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Аслида “зангори олов”дан тўғри фойдаланишда газ ускуналари, жўмракларнинг созлиги муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда, газ сизиб чиқиш ва бошқа омиллар туфайли инсон ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

“Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ матбуот хизмати.