Етти йил деганда ота-онам билан дийдорлашдим

Асли отам самарқандлик, аммо тақдир тақозоси билан бир пайтлар Тожикистоннинг Панжакентига бориб, яшаб қолган. Ўша ерда уйланиб, уйли-жойли бўлган. Қариндош-уруғчилигимиз узилиб кетмасин, деган мақсадда мени Самарқандга узатишганди. 2010 йилда йўллар ёпилгач, бор-йўғи бир маротаба ота-онамни кўриб келдим. Бунинг учун аввал Тожикистоннинг Ўзбекистондаги эчихонасига бориб келишим, шундан сўнг Бекободга, ундан кейин Хўжандга, у ёқдан ўтиб, Панжакентга борадиган уловга минишим лозим эди. Шу тариқа тахминан 12 соат йўл юришимга тўғри келарди. Йўллар талабга жавоб бермайди. Қолаверса, у автобусдан бу автобусга чиқиш кишини ҳам моддий, ҳам жисмоний жиҳатдан қийнаб қўярди. Ака-укаларим, сингилларим билан доим телефонда мулоқот қилиб турдик. Яқинларингнинг дийдорини кўрмай, айниқса, ота-онанг ҳолидан хабар олмай яшаш машаққатини бошидан ўтказганларгина билса керак.  "Қариндошлик ришталари мустаҳкамланишини истагандингиз, акси бўлиб, ота-болалик иплари ҳам узилиб кетяпти-ку", дердим алам билан отамга телефон орқали. Сабаби, кенжа фарзандим бобо-бувисини замонавий алоқа воситалари орқали кўрарди-да. Тўғри, оиламиз тинч, уч фарзандим, турмуш ўртоғим билан тотув яшаб келяпмиз. Ўзим ҳам Самарқанд шаҳридаги Хўжасоат маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаман. Аммо ота-она ҳақида гап кетгудай бўлса, кўзимга ёш келарди.
"Жартепа" ва "Саразм" ўтказиш масканлари очилишини эшитдим-у, телефон орқали яқинларимга бу хабарни етказдим. Улар ҳам очилиш маросимида иштирок этдилар. Қувонч ёшлари бизни ҳанузгача тарк этмайди. Ахир яқин инсонларингнинг дийдоридан улуғроқ неъмат борми? Ота-онам, оиламиз Президентимизни дуо қиламиз. Ота-она, фарзандларни дийдорлаштирган инсонни Аллоҳ қўлласин, деймиз. 

Саодат АКРАМОВА,
Самарқанд шаҳри.