Э.Турдимов: Етказилган зарар ер сотган масъуллардан ундирилади

Вилоят ҳокими Э.Турдимов Самарқанд туманидаги ўрмон хўжалиги (Хўжағунжойиш маҳалласи) ҳудудидаги ерларни ноқонуний эгаллаб олган тадбиркорлар, бу ерда яшаётган аҳоли вакиллари билан учрашди.

- Мен бу ерга бежиз келмадим, - дея гап бошлади ҳоким. – Биласизлар, шу кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд туманининг ўрмон хўжалиги ҳудудида яшаётган аҳоли уйлари бузилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Айтинг, аслида шундайми? Йўқ.

Биринчидан, бу жойлар ўрмон хўжалигига қарашли ер майдони. Бу ерда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилиши, ўрмон ташкил этилиши керак эди. Фақат 1,25 гектар майдонда ўрмон хўжалиги ходимларининг вақтинча яшашлари , дала ҳовли учун рухсат берилган. Лекин, қани улар? Ким яшаяпти бу ерда? Афсуски, бу ер майдонлари кейинги беш-олти йил орасида “тадбиркор”ларга ноқонуний тарзда бўлиб берилган, сотиб юборилган.

Таъкидлаш лозимки, вилоят ҳокими 2019 йил февраль ойида бу ерга келиб қонунга зид ҳолатларга барҳам бериш, ерни ўзлаштирган “тадбиркор”ларга чора кўриш бўйича мутасадди ташкилотлар ҳамда Самарқанд тумани ҳокимлиги ва сектор раҳбарларига аниқ топшириқлар берганди. Аммо айрим шахсларнинг ахборотни нотўғри талқин қилиши, кимларнингдир манфаатига хизмат қилиши ва масалага бир томонлама ёндошуви натижасида аҳоли ўртасида тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Аслида қонунан олиб қарайдиган бўлсак, дала ҳовли сифатида берилган майдонда уй-жой қуриш мумкин эмас. Аммо бу ерда айрим фуқаролар томонидан 5 гектаргача майдонни ўзбошимчалик билан ўраб олиб, фойдаланмасдан келаётганини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди.

Ваҳоланки, 2008 йилдан бошлаб республикамизда уй-жой қуриш учун ерлар фақат аукцион орқали олинади. Аукционсиз маълум имтиёзи бор фуқароларгагина берилади ва унинг энг катта миқдори 0,06 гектарни ташкил этади. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан 2019 йилдан бу миқдор 0,04 гектар этиб белгиланди.

 Вилоят ҳокими фуқароларнинг мурожаатларини эшитиб, уларнинг ариза ва ҳужжатлари асосида етказилган моддий зарар ҳисоблаб чиқилиши ва шу ерлар ҳисобидан пул олган шахслардан ундириб берилишини таъкидлади. Ҳар қандай мансабдор шахс, ким бўлишидан қатъий назар, ғайриқонуний иши учун, аҳоли эса ерни ноқонуний эгаллаб олгани учун қонун олдида жавоб беришини билдирди.

Ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонлари ҳақида гапирар экан вилоят ҳокими мазкур майдонда келгусида қурилиши режалаштирилган бинолар ҳақида тўхталди.

- Бу ер камида юз минг аҳоли истиқомат қиладиган катта шаҳарга айланади, - деди Э.Турдимов. – Бунинг учун Абу Даби фондидан 300 миллион доллар миқдорида кредит олганмиз. Бу маблағ асосан йўл қурилиши ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун сарфланади. Франция компанияси сув ва канализация тармоқларини, Арабистон компанияси йўлни қуриш билан шуғулланади. Шаҳарга кирадиган иккинчи кўча Ўзбеккенти маҳалласидан Бунёдкор кўчаси томон йўл ўтказгич ва катта йўл қурилиб, М-39 йўлига туташади. Яна бу ерда 96 миллиард сўмлик лойиҳа асосида икки йилда шошилинч тиббий ёрдам мажмуаси қурилади. 124 гектарли шаҳарча атрофида 40 гектарлик замонавий боғ ва ҳозирги 14, 16 қаватли уйларнинг давоми сифатида 30 қаватли уйлар қурилади. Мақсад Самарқанд а шаҳрининг тарихий қисмини сақлаб қолиш, зарур бўлганда эса маъмурий биноларни ҳам шаҳар ташқарисига чиқаришдан иборат.

Шундан сўнг вилоят ҳокими ушбу ҳудудда фаолият юритаётган “Карамель попкорн” оилавий корхонасида бўлиб, иш жараёнлари билан танишди. Гарчи корхона қонуний ҳолда фаолият юритаётган бўлса-да, бу ер майдонида иш олиб бориши мумкин эмас. Шунинг учун корхона раҳбарларига фаолият юритишлари учун бошқа ҳудуддан ер майдони ажратилиши айтилди. Умуман, ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари учун  бошқа жойдан ер ажратиб берилиши уларнинг фаолияти тўхтатилмаслиги таъкидланди. 

Вилоят ҳокими учрашув якунида дангал гапни айтди:

- Ер давлатники, уни талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний ҳужжатлар тайёрлаш ва шу асосда унга эгалик қилиш асло кечирилмайди.

Ўктам Худойбердиев.