Европа Иттифоқи Беларусь ҳукуматига қарши қатъий санкциялар жорий этилиши тўғрисидаги муҳокамаларни бошлади

Европа Иттифоқи Белорусь ҳукуматига қарши қатъий санкциялар жорий этилиши тўғрисидаги муҳокамаларни бошлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде сўзларига таяниб хабар қилди.
Маълум қилинишича, ЕИ давлатлари Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари 14 август куни Беларусь ҳукуматига қарши чоралар кўрилишини муҳокама қилиш учун йиғилади.
“Мен, республика (Беларусь) фуқароларига нисбатан шафқатсиз ҳаракатлар амалга оширилаётганига жавобгар бўлганларга нисбатан санкция чоралари кенгайтирилишини кўриб чиқишимиз шарт деб ўйлайман”, - деди Линде. Унинг фикрига кўра, Беларусда ўтказилган сайловларни ҳаққоний деб атаб бўлмайди.
11 август куни, агар Минск муҳолифат билан музокара қилмаса ва мамлакатда содир бўлаётган зўравонликларга барҳам бермаса, ЕИ Беларусь ҳукуматига қарши чоралар кўрилишини маълум қилган эди. Иттифоқдагиларнинг фикрига кўра, “инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлигисиз” Беларусь билан алоқалар ёмонлашади.
10 август куни, Россия ва бошқа бир қатор давлатлар томонидан тан олинган Беларусь президенти Александр Лукашенко, мамлакат шаҳарларида бўлаётган намойишлар Ғарбдаги “қўғирчоқбозлар” томонидан уюштирилаётганини эълон қилди.
Беларусь МСК берган маълумотга кўра, 9 август куни ўтказилган сайловларда Александр Лукашенко 80.23 фоиз овоз олган. Унинг аосий рақиби Светлана Тихановская эса бор йўғи 9.9 фоиз овоз йиға олган. У ушбу натижаларни тан олмаслигини маълум қилди.