Европа самолётлари Украина узра парвозини тўхтатиши кутилмоқда

Украина атрофидаги дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳали ҳам ўз самарасини бермаяпти. Жо Байден ва Владимир Путин ўртасидаги телефон суҳбати томонлар ўз позициясини ўзгартирмаганини кўрсатди.

Ҳар икки томон суҳбатни “ишбилармонлик, мувозанатли ва мазмунли” деб атаган бўлса-да, бироқ етакчилар ўз позицияларида турибди.

«Тўғридан-тўғри фикр алмашиш" деб номланган Ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг мулоқоти ҳам ҳеч қандай натижа келтирмади. Вашингтоннинг фикрича, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Москва кескинликни пасайтиришга тайёр эканига ишора қилмаган”. Россиялик вазир ўз ҳамкасбига “АҚШнинг ташвиқот кампанияси провокацион мақсадларни кўзлаётганини” айтди.

Шу билан бирга, Киев дипломатлар оилаларини эвакуация қилаётган ва ватандошларини Украинани “зудлик билан” тарк этишга чақираётган Ғарб ҳамкорларининг ҳаракатларини очиқчасига қораламоқда. Украина етакчиси ҳамкорларга инглиз тилида мурожаат қилди.

Владимир Зеленский:

"Ҳақиқат шундаки, бизда турли бошқа маълумотлар бор. Энди бизнинг душманларимизнинг энг яхши дўсти мамлакатимизда ваҳимадир. Бу маълумотлар эса фақат ваҳима қўзғатади, лекин бизга ёрдам бермайди".

Шу билан бирга, шанба куни шахсий учрашувдан бир неча кун ўтиб Путинга қўнғироқ қилган Франция президенти Эммануэль Макрон Россия президентининг сўзларида “Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўриш аломатларини” кўрмади: ҳар ҳолда, бу ҳақда Ғарб ОАВлари Елисей саройидаги манбаларга таяниб хабар бермоқда.

14 февраль, душанба куни Ғарб суғурта компаниялар мамлакат ҳудудидаги парвозлар учун кафолатларни бекор қилгани туфайли Украина узра ҳаво ҳудуди ёпилиши мумкин, деб ёзади “Страна.ua” бир нечта манбаларга таяниб.

Нашр суҳбатдошларидан бири Британиянинг энг йирик суғурта компаниялари жаҳондаги барча самолёт эгаларига Украинадаги самолётлар учун суғурта қоплашни тўхтатилиши ҳақида хабар юборганини айтди.

Хусусий самолёт эгалари бундай хабарнома олганини тасдиқлашди. Бу 48 соат ичида барча самолётлар Украинани тарк этиши кераклигини англатади.