Эзгу мақсадларга биргаликда эришамиз
Чунки Мурожаатда тадбиркорлик ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, фаолиятимизни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар берилди.
Ўттиз тўрт йилдан буён қишлоқ хўжалик соҳасида меҳнат қиляпман. Ўн олти йилдирки, фермерман. 2014 йилдан бери пахта ва ғалла етиштириш билан бирга, чорвачилик тармоғини ҳам ташкил этганман. Хўжалигимизда 60 бош зотдор қорамол боқилмоқда, ҳар йили 100 тоннадан зиёд сут соғиб оляпмиз, 4-4,5 тонна гўшт етиштиряпмиз. Лекин бу маҳсулотларни қайта ишлаш учун корхона ташкил этишга, очиғи, юрагим дов бермай турганди. Президентимизнинг маърузасини тинглаб, ўзимда қўшимча куч ҳис этдим. Чунки тадбиркорлик қилиш учун имкониятлар янада кенгайди. Гарчи ҳозир ҳаяжон билан ўз муаммом, фаолиятим ҳақида гапирган бўлсам-да, бу барча нарпайлик фермер ва тадбиркорларнинг дилидаги гап, орзу-армони.
Мурожаатномада маҳаллий кенгашлар депутатлари олдига ҳам масъулиятли вазифалар қўйилди. Чунки бугун замон шиддат билан ўзгариб, одамларимиз дунёқараши юксаляпти, яшаш шароитларини яхшилаш учун меҳнат қилишяпти. Демак, депутатлар Президентимиз фикрларидан келиб чиқиб, депутатлик сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатларидан кенг фойдаланишлари ҳаётий заруратдир. Зеро, изчил ислоҳотлар жараёнида ҳеч бир депутатнинг томошабин бўлиб четда туришга ҳақи йўқ.
Зайнаб ҲАЙДАРОВА,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Нарпай туманидаги "Меҳнат-роҳат" фермер хўжалиги бошлиғи.
Йиллар инсонни донишманд қилар экан... Қанча замонларни қанча одамларни кўрдим. Ҳаммаси ҳам эсда қолмайди. Бироқ муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта амалга оширилган Олий Мажлисга Мурожаатномаси бир умр ёдимда муҳрланиб қолади. Нафақат менинг ҳаётимда, балки бутун Ўзбекистон аҳлининг ҳаётида бу унутилмас воқеа, янги умидлар нашидаси сифатида муҳрланиб қолажак.
Ростини айтсам, Президент нутқидан сўнг мен ўзимни бошқача ҳис қилдим. Янада тетикроқ бўлдим. Ахир бизни буюк келажак учун буюк ишлар кутмоқда. Мен Ватанини жонидан севадиган, миллатини ардоқлайдиган, дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлайдиган, инновацион ғоялар асосида ташаббус ва фидойилик кўрсата оладиган Юртбошимиз билан фахрланаман ва албатта, халқимизнинг келажаги, манфаатлари учун барча имкониятларимни сафарбар этаман.
Бобомурод ЗИЁЕВ,
"Дўстлик" ордени соҳиби,
меҳнат фахрийси.
***
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини телевидение орқали зўр эътибор билан тингладим. Маърузада келтирилган фикрлар, очиғи, мени ҳайратга солди. Бундай бўлишини сира кутмагандим.
Мамлакатимизда жорий йилда нималарга эришилди, нималар қилишимиз мумкин эди-ю, қайсилари унутилди. Барчаси чуқур таҳлил этилиб, келгуси йил режалари ҳам белгиланди. Хусусан, тадбиркорларнинг юрагида йиллар давомида занг босиб қолган армонларни парчалаб ташлади. Юртбошимиз тўғри айтдилар – элни тадбиркор боқади, иш ўрнини тадбиркор яратади. Тадбиркор кўп бўлса, эл бой бўлади.
Буни ўз фаолиятимда ҳам кўришим мумкин. Корхонамиз бундан тўрт йил олдин атиги тўрт киши билан фаолиятини бошлаган эди. Ҳозирга келиб, ишчиларимиз сони қарийб ўттиз кишига етди. Биз асосан, қуруқ меваларни қайта ишлаб, экспорт қиламиз. Шу йилнинг ўтган даврида 800 минг доллар миқдорида маҳсулотни четга йўналтирдик.
Маърузадаги ғоя ва таклифлар бизни янада кўпроқ ва шиддатли ишлашга ундайди. Президентимизнинг ишончини оқлаш, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Раҳмат ШОДИЕВ,
"Ургут маржонаси" корхонаси раҳбари.
***
Мурожаатномани оддий бир ўқитувчи сифатида катта ҳаяжон билан кузатарканман, давлатимиз раҳбарининг йил бошидаги анжуманлардан бирида "Худога шукурки, мен пастда нималар бўлаётганини жуда яхши биламан", деган гапларини ёдга олдим.
Дарҳақиқат, Президент барча муаммолардан хабардор ва уларни қайта-қайта тилга олмоқда. Аммо ўша муаммоларни бартараф этишга масъул бўлган жойлардаги мутасаддилар-чи? Эътибор беринг, Президент ҳар бир маърузада "Менга таклиф керак" демоқда.
Мурожаатномада ҳам Президентимиз "Бирорта депутат менга таклиф билан чиққан эмас", деб айтди. Биргина ўзимизнинг ҳудуд бўйича айтадиган бўлсам, сайловолди жараёнларини ҳисобга олмасак, мактабимизга сўнгги беш йилда фақат бир марта депутат келганини эслайман. Фикримча, аҳоли билан етарлича мулоқотда бўлмаган депутатда таклиф бўлмайди. Бугун Президент томонидан электрон мурожаат бўйича ҳам таклиф бўлди. Бунинг қанчалик муҳимлигини ўз фаолиятим давомидаги битта мисол орқали айтмоқчиман. Халқ таълими вазирининг шу йил тайинланган ёш, янги ўринбосарининг интернетдаги ижтимоий тармоқда шахсий профили бор экан. Шу орқали вазир ўринбосарига ўқитувчи сифатида таълим тизимидаги бир қатор муаммолар юзасидан таклифларимни юбордим. Орадан бор-йўғи икки соат ўтиб, менинг мурожаатимга вазир ўринбосаридан жавоб келди. Бир ўйлаб кўринг-чи, шу вақтгача оддий ўқитувчида вазир ўринбосари билан очиқ-ойдин мулоқот қилиш имкони бўлганми? Президент эса интернетда "Менинг фикрим" деган махсус веб-саҳифа ташкил этиш зарурлигини билдирди. Бу барча соҳаларда, ҳар қандай фуқаронинг таклифи рўёбга чиқади, деганидир.
Аҳмадхон МУСТАФОҚУЛОВ,
ўқитувчи, Тойлоқ тумани.
***
Президентимизнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасини диққат билан эшитдим. У кишининг халқимиз, айниқса, ёшларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш, мамлакатлар ўртасида илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, кутубхоналар фондини замон талаби даражасида сақлаш, илмий ва бадиий меросни келгуси авлодга етказиш борасида билдирган фикрлари бугунги ҳаётимизнинг долзарб талаби бўлди.
Давлатимиз раҳбари ҳақ гапни гапирди. Ҳар томонлама тараққий этган давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишимизда бизга тафаккури теран, ҳар жабҳада фаол ва соғлом фикрловчи авлод керак. Зеро, жаҳон цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган аждодларимиз – Хоразмий, Имом Бухорий, Беруний, Фарғоний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Бобур каби буюк мутафаккир боболаримизнинг юксак заковат эгаси бўлишида, уларнинг дунё аҳлини лол қолдирган кашфиётлар, ихтиролар қилишида ва тафаккур маҳсулларидан ҳозирги жамият баҳраманд бўлишида китобнинг ўрни сўзсиз эканлигини инкор этиб бўлмайди.
Ахборот хуружлари тобора авж олаётган айни даврда фуқароларимиз, ёшларимизнинг онгу тафаккурини турли ёт ғоялар, тажовузлардан асраш учун саодатли турмушимизни кафолатловчи, маърифатга элтадиган китоб мутолаасига интилмоғимиз керак.
Собир АҲМЕДОВ,
Пайариқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласи посбони.
***
Президентимизнинг Мурожаатномаси чет элда ўқиётган минглаб талаба-ёшлар қатори мени ҳам тўлқинлантирди, катта ҳаяжон билан онлайн тарзда кузатдим.
Президент сифатида сўзини бошлаган Шавкат Мирзиёев кейинчалик ўзини юртнинг ҳақиқий лидери, чинакам фарзанди, қаҳрамони сифатида намоён этди. Узоқ юртда Юртбошимизнинг куйиниб гапирган гаплари мени чинакамига тўлқинлантирди. Яшасин Ватан, яшасин жонажон Ўзбекистоним, яшасин миллатнинг ҳақиқий лидери, деб ҳайқиргим келди.
Мурожаатномани диққат билан тингладим, яна такрор-такрор ўқидим. Амин бўлдимки, яқин келажакда жонажон Ватанимиз мисли кўрилмаган даражада ривожланади. Бу таваккал иш эмас, ахир мазкур концепцияда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ғояси мужассамлашган. Бу ғояни амалга ошириш учун эса ҳар биримиз жонбозлик кўрсатишимиз лозим.
Яна бир эътироф: Президентимиз халқимизни узоқ йиллардан буён қийнаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўплаб муаммолар ва уларнинг омиллари ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Айниқса, ёлғон-яшиқ ҳисоботлар, сохта рақамлар билан халқни алдамасдан, аччиқ бўлса-да, ҳақиқий кўрсаткичларни айтиш керак, деб бунга жавобан ўзлари аниқ ҳақиқатларни ошкор этди. Авваллари ҳеч кузатилмаган бундай жасорат ва қатъият Президентимизга бўлган ишонч ва ҳурмат ҳиссини янада кучайтирди. Чет эллик тенгдошларимиз ҳам Президентимиз нутқидан иқтибос келтириб, у кишининг маънавий жасоратига қойил қолишмоқда ва қизғин муҳокамалар марказида бўлмоқда.
Мен хорижий мамлакатда таълим олиб, эртага Президентимизнинг чақириғига жавобан лаббай, деб Ватанимга қайтиб, олган билим ва тажрибамни сарфлаб, юртим равнақига ўз ҳиссамни қўшаман.