Фанлар академияси ижтимоий тармоқларда Амир Темур қабри бўйича тарқалган асоссиз хабарларга муносабат билдирди
Ўзбекистон Фанлар академияси эълон қилган хабарга кўра, айрим манбаларда Амир Темур қабрининг очилгани ҳақда хабарлар тарқалган. Аммо бу асослантирилмаган ёлғон хабардир.
“Айрим сайтларда «Узбекские археологи 23 февраля вскрыли гробницу Тимура» сарлавҳали пост эълон қилинган бўлиб, унда декабрда Ўзбекистон Фанлар академияси Президиумининг Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида Амир Темур қабрини очиш бўйича қарори қабул қилинганлиги ва археологлар томонидан мақбара очилганлиги таъкидланган.
Ушбу хабар ёлғон — фейк хабар ҳисобланиб, Фанлар академиясида ушбу масала муҳокама қилинмаган ва кун тартибига қўйилмаган.
Археологлар томонидан ҳам ҳеч қандай қазишмалар олиб борилмаган ва режалаштирилмаган. Шу билан бир қаторда хабарда келтирилган қазишма рабҳари деб айтилган Тошмуҳаммад Ниёзович Қори-Ниёзий 1970-йилда вафот этган бўлиб, биринчи ЎзР Фанлар академияси президенти ҳисобланади. Умуман олганда ушбу хабар 1941-йилдаги маълумотлар асосида тайёрланган.
Маъумот тарзида қайд этиш лозимки, Гўри Амир мақбараси 1941-йилнинг 16-22-июнь кунлари ҳукуматнинг махсус қарори билан очилган бўлиб, экспедицияга профессор Т.Н.Қори-Ниёзий раҳбарлик қилган. Дастлаб Амир Темур ўғиллари Мироншоҳ, Мирзо Шоҳруҳ, невараси Мирзо Улуғбек, 1941-йилнинг 19-июнида Амир Темур қабри очилган. Ундан сўнг Амир Темурнинг невараси Муҳаммад Султоннинг қабри ҳам очилган. Антрополог М.М.Герасимов ўзи яратган усул билан Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг ҳужжатли портретларини яратган. 1942-йилнинг охирларига келиб, Амир Темур мақбарасидан қазиб олинган суяклар илмий жиҳатдан ўрганиб бўлингач, қайтадан ўз жойларига дафн этилган.
Ҳурматли журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу каби асослантирилмаган ёлғон хабар ва маълумотларни тарқатмаслигингизни сўраб қоламиз!”, дейилади муносабатда.