Амир Темур туркий барлос наслиданми ёки мўғуллардан?

Буюк саркарда, йирик давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темурнинг ҳаёт йўли тарихчи олимлар, шоир ва ёзувчиларнинг доимий эътиборида бўлиб, у ҳақида минглаб тадқиқотлар ва юзлаб бадиий асарлар битилган. Олти юз йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқин йирик тарихий асарлар ёзилгани барчага маълум.

Кейинги йилларида Амир Темур ва темурийлар тарихи билан боғлиқ янгидан-янги тарихий манбалар топилмоқда, ўрганилмоқда. Узоқ йиллар қораланган Амир Темур шахсига ҳаққоний баҳо бериш учун тадқиқотлар олиб борилмоқда. Аммо битта жиҳат тадқиқотчиларимиз эътиборидан четда қолиб келмоқда. Бу Амир Темур аждодлари билан боғлиқ бўлган тарих.

Гап шундаки, ҳозиргача Амир Темур аждодлари шажараси хусусида икки хил қараш мавжуд. Кўпчилик Амир Темур ва Чингизхон битта илдизга эга деб ҳисоблайди, яъни Амир Темур ҳам мўғуллардан, деб ҳисобланади. Бунга асос қилиб Амир Темур мақбарасидаги Амир Темур қабртошига битилган шажара кўрсатилади. Ҳақиқатан ҳам Амир Темур мақбараси ҳилхонасидаги қабрга ҳам ва зиёратхонадаги нефритдан ишланган қалбаки қабрга ҳам бир хил, араб тилида қуйидаги сўзлар битилгандир: “Бу қабр – султони аъзам, хоқони акрам, осойишталик ва ҳимоя йўлловчи, Амир Темур “кўрагон” ибн амир Тарағой, ибн амир Барғул, ибн амир Айлангир, ибн амир Ижили, ибн амир Қоражар Нўён, ибн амир Суғужижини, ибн амир Ирдамчи барлос, ибн амир Кочулай, ибн амир Туманай, сўнгра Чингизхон ибн амир Есукай Баҳодир, ибн амир Бартан Баҳодир, ибн амир Қобилхон, ибн амир Бойсунқур, ибн амир Қайду ибн амир Туманай, ибн амир Бука, ибн амир Бузанжирникидир... Бу шарафли зотнинг отаси номаълумдир, онаси эса Алан Қувадир. Айтишларича, ул шарифа иффатли бўлиб, бузуқи эмасди, ул туйнукдан нур сифатида кириб, сўнгра комил инсон сифатида намоён бўлган кишидан ҳомиладор бўлган. Ул зоти олиянинг айтишларича, бу Абу Толибнинг ўғли мусулмонлар ҳукмдори Алининг ўғилларидан бири экан...”. Аммо тарихнинг бир қанча жиҳатлари борки, юқоридаги фикрни инкор этади.

Биринчидан, агар Амир Темур чингизийлар наслидан бўлганида у тахтга ўтирганида бошқа мўғул шаҳзодалари каби Темурхон сифатида ўтирарди. Яъни, исмига “хон” қўшимчаси қўшиларди. Амир Темур туркий барлос бўлгани учун ҳам Темурхон эмас Амир Темур сифатида ҳокимиятга келди.

Иккинчидан, Амир Темур чингизийлардан бўлса мўғуллар наслидан бўлган сохта хонларни тахтга ўтқазиб уларнинг номидан давлатни бошқаришига ҳожат қолмасди. Биламизки, Ўрта Осиё Чингизхон томонидан босиб олингач, бу ерда унинг тартиб-таомили ўрнатилди. Вақт ўтиб, олий ҳокимиятга фақатгина Чингизхон наслидан бўлган хонзодалар даъво қилиши мумкинлиги қонунийлаштириб қўйилди. Омма ҳам буни ўзгармас қонун-қоида сифатида қабул қилди. Аммо чингизий наслдан бўлмаган Амир Темур Чингизхон наслидан бўлмиш Суюрғотмиш (1370-1388) ва унинг ўғли Маҳмуд (1388-1402) номидан давлатни идора қилган эди.

Учинчидан, Амир Темур ва унинг невараси Мирзо Улуғбек Чингизхон наслидан бўлган маликаларга уйланганлари учун ҳам уларнинг исмларига “кўрагон”, яъни “хоннинг куёви” рутбаси қўшилган. Амир Темур Чингизхон наслидан бўлганидан “кўрагон” дейилмасди.

Хўш, унда қабрдаги шажара қаердан келди, деган савол туғилади. Фикримизча, ушбу ёзувлар Амир Темурдан кейин ҳокимиятни бошқарган унинг кенжа ўғли Шохруҳ буйруғи билан темурийларнинг олий ҳокимиятда қонуний турганлигини уқтириш мақсадида ана шундай кўринишдан ёздирилган. Шундай қилинса ва бунга ҳамма кўникса, бундан кейин сохта хонга ҳам ҳожат қолмасди-да.

Шундай ҳам бўлди. Амир Темурдан кейин ҳокимиятга келган тумурийларнинг биронтаси чингизий сохта хон чақирмади. Шунингдек, табиийки, Амир Темур вафотидан кейин бошланиб кетган тахт учун курашлар фонида бир қанча саволлар ўртага чиққан, улардан энг асосийси тахтга даво қилаётган катта-ю кичик темурий шаҳзодалар аслида бунга ҳаққи борми? Чунки, тахт учун курашлар темурийлар сулоласининг обрўсига салбий таъсир қилган ҳам эди.

Фикримизни қувватловчи яна бир жиҳат - Амир Темур ҳаётлигида қурилган биронта ёдгорликда юқоридаги каби шажара мавжуд эмас. Масалан, 1385 йилда Амир Темурнинг синглиси Ширинбека вафот этди ва Шоҳи Зинда ансамблига дафн қилинди. Унга атаб қурилган мақбарада унинг Тарағай Баҳодир қизи бўлганлиги ёзилади, холос. 

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондларида 1399-1404 йилларда Самарқандда бунёд қилинган Амир Темур жоме масжидининг XX аср бошларидаги ҳолатини тасвирловчи ҳужжатлар сақланади. Уларга кўра, жоме масжидидаги бош масжидга кириш пештоқи устида бизгача етиб келмаган қуйидаги мазмундаги шажараси битилган: “Ушбу жоме масжидининг қурилиши буюк султон, Амир Темур “кўрагон” ибн амир Тарағой, ибн амир Барқул, ибн амир Айлангир, ибн амир Ижили, ибн амир Қоражар Нўён буйруғи билан ҳижрий 806 йилда тугатилди, Аллоҳ унинг султонлиги ўз паноҳида сақласин”.

Ёки масжидга кириш пештоқида ҳам масжид қурилишининг бошланиши ҳақида тарих битилган бўлиб, унда ҳам Амир Темурнинг шажараси тилга олинади: “Ушбу жоме масжидини қуришга буюк султон Амир Темур “кўрагон” ибн амир Тарағой, ибн амир Барқул, ибн амир Айлангир, ибн амир Ижили, ибн амир Қоражар Нўён буйруқ берди, ҳижрий 80 1йил, Аллоҳ унинг султонлиги ўз паноҳида сақласин”. Ёзувларнинг бири Амир Темур ҳаётлигида – ҳижрий 801 йилда битилган бўлса, иккинчиси унинг вафотидан 1 йил ўтиб, 806 йилда битилган. Ҳар иккисида ҳам Амир Темурнинг шажараси Қоражар Нўён билан тугалланади.

Хулоса шуки, Амир Темур туркий барлос наслидан бўлган. Мақбарадаги қабрлар ёзувлари эса Мирзо Шохруҳ буйруғи билан темурийлар ҳокимиятининг лигитимлигини кўрсатиш мақсадида ёздирилган.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.