Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун

1336 йил ​​9 апрель - буюк саркарда, йирик давлат арбоби, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси, Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун.

Адолат учун толмас курашчи, бобокалонимиз Амир Темур даврида илм-фан, маданият ва таълим мислсиз даражада юксалган эди.

Зеро, сиёсий майдонга қадам қўйганда, у эндигина 24 ёшда бўлган. Мамлакат пароканда, маҳаллий-сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олган, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди. Жамиятда озодликка ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор доҳий зарур эди. Амир Темур ана шундай йўлбошчи сифатида тарих саҳнасига чиқди.

1370 йилда Балхда бўлиб ўтган қурултойда улуғ амир деб эълон қилинган Амир Темур тарқоқликни бартараф этиб, ўлкаларни ягона давлатга бирлаштирди. Амударё билан Сирдарё оралиғи, Фарғона ва Шош вилоятлари, Марказий Осиё давлатлари, Ҳинд ва Гангадан Зарафшонгача, Тянь-Шандан то Босфоргача улкан салтанат барпо этди.

Тарих Амир Темурни македониялик Искандар, Доро I, Юлий Цезар каби йирик саркардалар билан бир қаторга қўяди.

«Куч – адолатдадир» шиори Соҳибқирон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган эди. Улкан ва бепоён мамлакатнинг пойтахти рутбасини олган Самарқанд курраи заминда энг гўзал шаҳар сифатида чирой очди.

Амир Темур 1405 йил 18 февраль куни Ўтрор шаҳрида вафот этган.