«Амир Темур жанговар байроғи» Самарқандда тантанали кутиб олинди
Ватан ҳимоячилари куни арафасида Президент фармони билан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Айбек Саидов “Генерал-майор” ҳарбий унвони ва «Амир Темур жанговар байроғи» мукофоти билан тақдирланди ва қўмондонга «Амир Темур жанговар байроғи» топширилган эди.
Бугун байроқ Самарқандга олиб келинди. Дастлаб Булунғур ва Жомбой туманларидаги марказий кўчаларда "Амир Темур жанговар байроғи" жамоатчилик вакиллари иштирокида кўтаринки руҳда кутиб олинди.
Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида ҳарбийлар, депутатлар, ёшлар, спортчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида Соҳибқирон байроғи тантанали кутиб олинди.
Тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва барча самарқандликларни "Амир Темур жанговар байроғи" қўлга киритилганлиги билан табриклади ва бу барча учун ғурур, ифтихор эканлигини таъкидлади.
Тадбирдан кейин Амир Темур ҳайкали олдида байроқ билан эсдалик суратлари тарихга муҳрланди ва Регистон майдонида ҳарбий парад ташкил этилиб, шаҳар кўчалари бўйлаб "Амир Темур жанговар байроғи" тантанали олиб юрилди.
Бу каби тадбирларни вилоятнинг Нарпай, Пахтачи, Каттақўрғон туманларида ҳам ташкил этилади.