«Қаерда тартиб ва қонун ўрнатилган бўлса, мен ўша ердаман»
*9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун
Солномачиларнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. Давлат аҳамиятига молик ҳар бир масалани ҳал этишда шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашган.
- Соҳибқирон адолатли бўлгани учун унга мусулмонлардан ташқари насронийлар, зардуштийлар, буддавий ва бошқа динларга мансуб кишилар ҳам садоқат билан хизмат қилганлигини Ибн Арабшоҳ ўз асарида баён этган, - деб ёзади Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази катта ўқитувчиси Т.Маматов. - Амир Темур давлат бошқарувида адолат чегарасидан чиқиб кетмаслик учун ёнига иймонли икки нафар вазир тайинлаган ҳамда уларга қарор қабул қилишида фикрларини билдириш ваколатини берган. Улардан бири Маҳмуд Шаҳоб Хуросоний ва иккинчиси Носириддин Маҳмуд ал-Аромий эди.
Иккала вазир доим Темур ёнида бўлиб, унинг қабул қилган қарорлари ва ҳаракатларини назорат қилишган. Агар Амир Темурнинг қарори ёки ҳукмида вазирларидан биронтаси адолатсизлик аломатларини кўрса, дарҳол қандай адолатсизлик борлигини айтишган. Балки шунинг учун ҳам Амир Темур тузган улкан салтанатда бошқа динга ва бошқа элатга мансуб бўлган халқлар томонидан унга қарши исён кўтарилмаган.
Амир Темур «Тузук»ларида ёзади: «Азиз болаларим! Сўзларимни яхшилаб қулоғингизга қуйиб олинг, мендан сўнг мамлакатни бошқариш сизнинг зиммангизга тушади. Шунинг учун мен ўрнатган тартиб-қоидаларга амал қилинг, унинг бошқалар томонидан ҳам бажарилишини қатъий назорат қилиб боринг. Талончи, ўғри, муттаҳам, сотқин ва ўзини нотавон кўрсатиб, тиланчилик қилувчиларга қаттиқ туринг! Уларнинг урчишига йўл қўйманг! Агар шундай қилмасангиз, бор будингиздан ажраласиз. Бунинг ўрнига пайғамбар авлодларини ардоқланг, олимлар, шоирлар ва ҳунар аҳлига ҳомийлик қилинг!».
Амир Темур ўз салтанатини ислом дини асосида бошқарган. Чунки у иймон бор жойда адолат, адолат бўлган жойда қонун устувор бўлишини, қонун устувор бўлган жойда мансабни суиистеъмол қилиш учун муҳит бўлмаслигини яхши билган. Салтанатида мансабни суиистеъмол қилиш, етимлар ва ночорларнинг ҳақини ейиш, пора олиш ахлоққа зид ҳисобланиб, жазога лойиқ, деб топилган.
Бошқарув тизимида амалдорларнинг салоҳиятига қараб мансаб берилиб, мутахассисларни танлашда уларга кенг эркинлик берилган. Масалан, «Динга ривож беришда қўллаган биринчи тузуким шу бўлдики, саййидлар орасидан лаёқатли биттасини аҳли исломга бошлиқ – садр этиб тайинладим. Тамом вақфларни бошқариш ва назорат қилиш учун мутавалли танлашни, ҳар бир шаҳар ва вилоятда қози, муфтий, муҳтасиб тайинлашни унинг ўзига ҳавола қилдим. У саййидлар, уламо, шайхлар ва бошқа арбобларга суюрғол белгилаб, ҳар бирининг вазифасини тайин қилсин», дейди.
Давлат бошқарувининг юқори бўғинида бевосита иштирок этадиган амалдорларни, айниқса, вазирларни мансабга тайинлашда қуйидаги сифатларга таянган: «...Вазирлар тўрт сифатга эга кишилардан бўлишлари лозим; биринчиси - асллик ва тоза насллик, иккинчиси - ақл, фаросатлилик, учинчиси – сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалалик, тўртинчиси – сабр-чидамлик ва тинчликсеварлик».
Бугунги кунда кўпчилик асллик ва тоза насллик деганида юқори амалдор ҳамда катта моддий бойликка эга бўлганларни тушунади. Лекин у давр ахлоқига асосан ота-она авлодида нокаслар, ўғрилар, хоинлар, судхўрлар, лаганбардорлар, фирибгарлар, каззоблар бўлмаганлиги, иймонли, инсоний сифатлар билан улғайган киши назарда тутилган.
«Тузук»да «Камолотга эришган вазир улким, давлат муомалаларини тартибга келтириб, мулкий ва молиявий ишларни тўғрилик билан, асли-насли тозалигини кўрсатиб, ажойиб тарзда бажаради. Олгулик жойидан олиб, бергулик ерга беради. Рухсат этувчи ва тақиқловчи буйруқларида унинг асллиги билан тоза насллиги кўриниб туради. Ҳеч кимга душманлик ва жабр-зулм қилмайди. Хоҳ сипоҳдан, хоҳ раиятдан бўлсин, ҳар кимнинг номини яхши сўзлар билан тилга олади. Бировдан ёмонлик ахтармайди, айтсалар эшитмайди. Агар бировдан ёмонлик кўрган бўлса, унга нисбатан шундай муомала қиладики, у охири ёмонлигидан қайтади. Ўзига ёмонлик қилган одамга нисбатан шундай яхшилик қиладики, у охири олдига бош эгиб келади», деб ёзилган.
Бировларга жабр-зулм қиладиган, ҳасадчи, ўзига ёқмаган кишиларни мансабидан фойдаланиб йўқотиш пайига тушган, ғийбатчи, иғвогар, ахлоқи паст ва гап ташувчилар вазирлик лавозимига тайинланмаган. Чунки қора кўнгилли, порахўр, кўзи оч, лаганбардор одам вазирлик қилса, салтанат тез орада қулашини Амир Темур яхши билган.
Ишонч билдирилган амалдорга тўрт имтиёз – ишонч, эътибор, ихтиёр ва қудрат инъом этилган. Бундан ташқари, Соҳибқирон салтанат ҳудудининг барча нуқталарида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик (кўнгилсизлик) тўғрисида унга вақтида хабар етказиб туришлари учун тузукда шундай белгилайди: «...Ҳар эл ва ҳар шаҳарда сипоҳ ва раият орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида менга маълумот бериб турсин, деб адолат амирини тайинладим».
Амир Темурнинг адолатлилиги муҳтож, ночор фуқароларига ёрдамида ҳам акс этади. Масалан, касб-ҳунар, маърифат аҳолига салтанат корхоналаридан юмуш бердирган, деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга деҳқончилик учун зарур уруғ, асбоб тайёрлатиб бердирган. Бирор муҳтожнинг ёки қурби етмайдиган фуқаронинг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, салтанат томонидан таъмирланиб берилган. Билагида кучи бор фақир мискинларга хоҳишларига қараб иш берилган. Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарларга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиш учун хазинадан етарли миқдорда олтин бердирган.
Салтанатида кучли тафтиш ва назорат ўрнатиб, амалдорларнинг мансабини суиистеъмол қилишига йўл қўймаган. Масалан, ҳар куни девонхонада тўрт вазир ҳозир бўлган ҳамда чегара ерларда, забт этилган мамлакатларда уч вазирдан иборат давлат ҳайъати тузилган. Уларнинг зиммасига мазкур ерларда молиявий муомалаларни ва келадиган даромадларни бошқариш юклатилган.
Ариза ва мурожаатлар бўйича бир киши арзбеги этиб тайинланган. Унинг зиммасига сипоҳ, раият ва арз-дод қилиб келувчиларнинг аҳволини, мамлакатнинг обод-хароблигини, муҳим ишлардан қайси бири битган-битмаганлигини Амир Темурга етказиб туриш юклатилган эди. Ундан ташқари, салтанатнинг ҳар бир идорасида бўладиган кирим-чиқимларни, кундалик харажатларни ёзиб бориш учун бир котиб тайинланган.
Ҳар бир шаҳар ва қишлоққа кутвол тайинланган, унинг вазифаси сипоҳу раиятга соқчилик қилиш бўлган. Савдо карвонларининг хавфсизлигини таъминлаш учун давлат ҳудудининг барча йўллари назоратга олиниб, зобитлар ва кузатувчилар белгиланган. Улар йўлларни қўриқлаб, йўловчиларни, савдогарларни, мусофирларни кузатиб, мол-мулки ва бошқа нарсаларини манзилдан-манзилга етказиб қўйишган.
«Тузук»да шундай дейди: «Бинобарин, салтанатимнинг энг чекка овулида тартиб ва қонун ўрнатилган бўлса, демакки, мен ўша ерда бордекман. Шунинг учун ҳам ҳокимиятни қўлга киритган кунимдан шу пайтга қадар, ҳозир мана шу сатрларни ёзаётган дақиқаларгача нимаики қилган бўлсам - барчасини қонун доирасида қилдим».