Фаолиятимиз жиддий кураш ва изланишга асосланиши зарур
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқи орқали қуйи палата депутатлари зиммасидаги улкан ва масъулиятли вазифаларни таъкидлагани барча депутатлар фаолияти учун муҳим сигнал бўлди, десам янглишмайман.
Президент ҳар бир депутат беш йил давомида ўз сўзининг устидан тўлиқ чиқиши, партиясининг обрўсини сақлаши учун бугундан бошлаб жиддий ҳаракат бошлаши лозимлигини, алоҳида “Йўл харитаси”ни тузиб, сайлов вақтида билдирган барча-барча ташаббусларини яхлит тизимга солиб, ишни пухта ташкил этиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Қолаверса, бугун парламентга қилган мурожаатида ҳам бу борада алоҳида тўхталди. Хусусан, Президентимиз томонидан сиёсий партияларнинг ўз электорати билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда партияларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалалари белгиланди.
Аслида давлат раҳбари туртки бериш шарт эмас. Ҳар бир депутат халқ, яъни сайловчилар унга ишонч билдирганини ва уни жамоатчилик партия олдига олиб чиқканини унутмаслиги лозим.
У ўз фаолияти билан сайлов округида партия обрўсини кўтариши ёки шахсий ибрати билан катта ишларни амалга ошириши мумкин. Шу боис халқнинг ишончини оқлаш, берган ваъдаларнинг устидан чиқиш ва мавжуд муаммолар юзасидан асослантирилган таклиф билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этишимиз зарур.
Давлатимиз раҳбарининг сўзлари билан айтганда, “Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади, бутун жамиятимиз уйғоқ бўлади.”
Шу жиҳатдан, партиядан сайланган депутатлар билан ҳамкорликда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда қонунлар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоат назоратини ташкил этиш асосий вазифамиз бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир қабул қилинадиган қарорда, ҳар бир ишда адолат бўлиши учун курашишимиз, вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбир ва таклифлар билан чиқиш чораларини кўрамиз.
Енг шимариб, астойдил ишлайдиган вақт аллақачон келган. Бугунги давр энг аввало, биздан шуни талаб қилмоқда.
Муҳиба БОБОБЕКОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши раиси.