Фарғонада 11 нафар боғча боласи овқатдан заҳарланди

2019 йил 25 октябрь куни Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган хабарига кўра, Фарғона шаҳар 9-сонли мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган 11 нафар тарбияланувчилар 23-24 октябрь кунлари «ўткир диарея» ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.

Шифохонага ётқизилган тарбияланувчиларда кузатилаётган хасталик аралаш овқатланиш натижасида келиб чиқадиган функционал бузилиш ташхиси қўйилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

Мазкур муассаса тарбияланувчиларига 2019 йил январь ойидан буён аутсорсинг тизими бўйича «Far G.T.» хусусий корхонаси томонидан маҳсулотлар тайёрланиб келинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Текширишда оммавий заҳарланиш ҳолати ҳақидаги хабар ўз вақтида берилмаганлиги бўйича мутасадди идораларга хизмат текширувлари тайинланган.