Шавқ бирла сени Фарғонажон, Фарғона дерлар

Охунжон Ҳакимов

               ФАРҒОНА ДЕРЛАР

Шавқ бирла сени Фарғонажон, Фарғона дерлар,

Бу олам аро дурдонадан дурдона дерлар.

Боғу роғларинг, азим тоғларинг бунча пурвиқор,

Ҳусну тароватда сени бир дона дерлар.

Лафзи ҳалол, сўзлари бол, қаторда норим,

Одатларинг, удумларинг шарқона дерлар.

Меваси бол, суви зилол, жаннатмаконсан,

Босган қадаминг ҳар жабҳада мардона дерлар.

Лобар қизлар-у, чақмоқдайин ўғлонларингни

Арзир минг қўшиқ бирла ғазал, достона дерлар.

Шаънингга сенинг ашъор битиб толмас Охунжон,

Ҳуснингга боқиб, шому саҳар мастона дерлар.

***

Муҳтарама Улуғова

  КЎЗ ЮМИБ ОЧГУНЧА...

Дилу жон истаги - фароғат,

Тариқча ҳимматим - овоза.

Чин ҳожатталабга меҳримнинг

Остона, равоқи кў-ўп баланд.

Кўз юмиб очгунча...

Кунларга нафсимнинг амри – шоҳ

Ва пойи-патак ҳис - вазири.

Бўйнимда тарангдир илинжнинг

Кўрингич, кўринмас занжири.

Кўз юмиб очгунча...

Тугамас ҳеч қорним ташвиши,

На қунда қўним бор, на тунда ҳаловат.

Сочга оқ тушди, лек қайдадир

Қалбимга фасли нур - балоғат?..

Кўз юмиб очгунча...

Улгурармиканман

Кўзим очишга?

***

Энахон Сиддиқова

 

      АЁЛ КЕТИБ БОРАР…

Аёл кетиб борар ёниб, гувиллаб,

Кўнглида тириклик қўнғироқлари.

Шамоллар пойида йиғлар бош уриб,

Сочиб юборади гул япроқларни.

 

Кетиб борар аёл… кўнглига ишқмас,

Тикиб тирикликнинг байроқларини.

Қулоғи кар дунё, ҳайҳот эшитмас,

Селдай тошган фарёд, ингроқларини.

 

Аёл кетиб борар… тундай ёйилган

Бахтсизликдай қаро сочларин ғами.

Кўнгил меҳробига ёқиб қўйилган

Қирқ битта жонининг қирқ битта шами.

 

Кетиб борар аёл… ёлғизлик аро

Сирпанчиқ йўллари, қировли, музли.

Онҳазратнинг умматлари, хешлари,

Ҳазрати эркаклар, эшитяпсизми?

 

Бу кетиши гўё кўчкилар каби,

Қурбон қушдай тўзғир дил ришталари.

Муҳаббатдан кетар, кўнгилдан кетар

Худонинг ердаги фаришталари.

 

Кетиб борар аёл ёниб, гувиллаб…

***

Зуҳра Алиева

                               АЁ ДЎСТ...

Аё дўст, қошингизга бир зиёлар ахтариб келдим,

Адам саҳросидан меҳригиёлар ахтариб келдим.

Еру осмон аро топмай қўнгилдай кўнгли доғлини,

Бу хаста жонима малҳам, шифолар ахтариб келдим.

Муҳаббат аҳлини кўрдим, кўзи ёш, кўнгли вайрондир,

Кечиб ғам даштидин, нурли сафолар ахтариб келдим.

Зару зўр истамам зинҳор, дилимда оҳу зорим бор,

Навосоз кўнглима савти наволар ахтариб келдим.

Баҳорим қайтмади, ёзим чечаклар баргида кетди,

Хазон фаслида бир ҳушбўй ҳаволар ахтариб келдим.

Дариғо, бу фалакдин жониға топмиш омонликким,

На деб, Зуҳро, бу оламга вафолар ахтариб келдим.