2030 йилгача экологияда қандай натижаларга эришамиз?

Жаҳон иқлимшуносларининг маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб дунёда ҳарорат 1,5 даражага ортади. Бу биргина Европада мўътадил иқлимнинг ўзгариши, денгиз бўйида жойлашган давлатларда ернинг қисқариши, музликларнинг эришига олиб келади.
Ҳозирнинг ўзида меъёрдан ортиқ иссиқ туфайли дунёда ёнғинлар натижасида ҳар йили Греция ҳудудига тенг ўрмонлар ёниб кетмоқда.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ўтказилган Президентимизнинг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ва вилоятдаги бошқарма, корхона, ташкилот ходимларининг экологик билимини оширишга қаратилган семинарда билдирилди.
Дунёда экологик вазият оғирлашиб, чиқинди тўпланиши, қурғоқчиликнинг ортиши кузатилмоқда, - дейди Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши раиси Хўжақул Муҳаммадиев. – Давлатимиз раҳбари буни эътиборга олиб мамлакатимизда барқарор экологик вазиятни сақлаш, фуқароларда экология - табиатга бўлган муносабатни яхшилашга қаратилган қарор қабул қилди. Ушбу қарор билан 2030 йилгача 3,3 миллион нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида экологик маданиятнинг шакллантириш, 4,2 миллион нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, экологик маданиятнинг юксалиши назарда тутилган. Шунингдек, 400 минг нафар ўрта махсус ва касбий таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, 1,9 миллион нафар олий таълим тизими ташкилотлари талабаларида ва 90 фоиз давлат органлари, корхона ва муассасалари ходимларида экологик маданиятнинг юксалишига эришиш кўзда тутилган.
Семинар давомида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари, Самарқанд давлат университети ўқитувчилари ҳам экологик вазиятни яхшилаш борасида маърузалари билан иштирок этди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.