Фаррошни эмас, ўзингизни қадрланг!
Ободончилик, саранжом-саришталик ҳақида гап кетса, «Фаррош меҳнатини қадрланг» деган иборани қўллаймиз. Лекин, бир ўйлаб кўрайлик, биз фаррош меҳнатини қадрлаш учун атрофимизни тоза, саранжом тутамизми? Аслида у ҳар биримизнинг ички маданиятимиз ҳосиласи эмасми?
Шаҳар бўйлаб юрганимда кўча супураётган, гулзор парваришлаётган, фаррошлар – ободончилик идораси ходимлари ишини кузатаман. Уларнинг сони илгаригидан анча кўпайди. Кийиниши, бажараётган ишлари ҳам янгича. Шу сабабли Самарқанддаги асосий кўчаларда саришталик ҳукмрон.
- Дарахт баргининг тўкилиши ёки асфальтга чанг тушиши бу табиий ҳол, - дейди фаррошлардан бири. - Аммо эрта тонгда йўл четидаги ариқларда бўшаган «баклажка»лар, музқаймоқ ва бошқа таомлар идишларини кўриб, дилим хуфтон бўлади. Биласизми, баъзан ишлаб турган пайтимиз машина деразасидан айримлар қоғоз ёки қутиларни ташлаб ўтади. Гапиришга улгуролмай қоламиз. Қолаверса, дуппа-дуруст одамлар.
«Мабодо гапирсангиз, бундайларга нима деган бўлардингиз?», сўрайман у кишидан. «Нима ҳам дердим, биз-ку майли-я, ҳеч бўлмаса ўзингизни ҳурмат қилинг, машинада ёнингизда кетаётган, бола-чақангизни ҳурмат қилинг, ҳурматли фаросатсиз, деган бўлардим».
Кўп гапиряпмиз-у лекин бу одатга барҳам бера олмаяпмиз. Яқинда ўзим шундай воқеага гувоҳ бўлдим. Таксида кетаётган эдик, 35 ёшлардаги тузуккина аёл ёнида кетаётган болакай қўлидаги бўшаган елим ҳалтачани олиб, машина деразасидан кўчага улоқтирди. Табиийки, эътироз билдирдим: «Опа, машинадан тушгандан кейин махсус қутилардан бирига ташлардингизку». Аёл пинагини ҳам бузмади. Аксинча, «Ана, фаррошлар нима қилади, тозалайди-да, биздан олинган солиқлардан маош беряпти уларга», деди.
Хорижлик, айниқса, Хитой, Япония, Кореядан келган меҳмонлар қаерга борса, жойларини йиғиштириб, ҳатто бўшаган сув идишларигача ўзлари билан олиб, ибрат кўрсатяпти. Аниқроғи, бизни уялтиришяпти. Лекин биз ўзгармаяпмиз. Бунинг устига фарзандларимиз олдида шу ишларни қиламиз. Ахир, улар биздан қандай ибрат олсин?
Албатта, ҳар бир касб эгасининг меҳнатини қадрлашимиз керак, фаррошнинг ҳам. Лекин покизалик, ички интизом, ҳар бир фуқаронинг бурчи, қонуний бурчи, буни унутмайлик. Инсоннинг қадр-қиммати ҳам унинг тоза-озода юришига, атрофга, табиатга зиён келтирмаслиги, аксинча, ўзи яшаб турган масканни обод қилиши билан ўлчанади. Ана шу қадримизни пастга урмайлик.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА.