Фиръавн мумиёси томография қилинди: унинг юраги асл ҳолида танада сақланган…
Қадимги Миср фиръавнининг мумиёланган жасади минг йиллар давомида биринчи марта компьютер томографияси ёрдамида ўрганилди. Бу эрамиздан аввалги 1525-1504 йилларда Мисрда ҳукмронлик қилган Аменхотеп I ҳақида аввал номаълум бўлган маълумотларни олиш, унинг юзини кўриш имконини берди. Шу билан бирга, мумиёнинг ниқоби ҳам, «бинт»лари ҳам жойида қолди.
Маълум бўлишича, фиръавн суннат қилинган, юраги сақланиб қолган, аммо бошқа ички аъзолар биқин тарафдан тешиб чиқарилган, кейин тана тўқима билан тўлдирилган.
"Биз унинг 35 ёшида вафот этганини аниқладик. Унинг бўйи тахминан 169 сантиметр, тишлари яхши, танаси туморлар ва тилла камар билан безатилган. Таажжубланарлиси, бош суяк ичида мия мавжуд, мумиялашдан олдин у олиб ташланмаган. Ваҳоланки, бундай ҳолат бошқа мумиёларда ҳеч кузатилмаган»", - дейди Мисрнинг қадимги асарлар бўйича собиқ вазири, археолог Захи Хавас.
Фиръавн жасадида олимлар мумиёлашдан кейин ҳосил бўлган кўплаб шикастларни аниқлашди ва мумиёни қабр талончилари таҳқирлаган дея тахмин қилишди. Қадимда руҳонийлар уни қайта тиклаш учун жуда кўп уринишган.
Тадқиқотчилар компьютер томографияси ёрдамида бошқа қолдиқларни ўрганиш ва қадимий одамлар ҳақида кўпроқ маълумот олишга ёрдам беради деб умид қилмоқда.
Г.Холдорова тайёрлади.