Мисрдан Ўзбекистонга С гепатитига қарши дори воситалари партияси олиб келинди
Кеча «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган С гепатитига қарши “Даклатасвир” дори воситасининг тўртинчи туркумини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга бепул етказиб берди.
Мазкур акция Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонаси ва «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси томонидан амалга оширилди. Ушбу юкнинг юртимизга олиб келиниши Ўзбекистон ва Миср ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, вирусология йўналишида бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлашни ташкил этиш доирасида илгари эришилган келишувларнинг амалий натижасидир.
Умумий қиймати 34 930 АҚШ долларини ташкил этган 17 мингдан ортиқ “Даклатасвир” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморлар ўртасига тақсимланади.
Таъкидлаш лозимки, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан
2023-2024 йиллар давомида умумий қиймати 4,8 миллион долларлик жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини юртимизга бепул етказиб бериш бўйича келишувларга эришилган эди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА.