Фуқаро муҳофазаси: соҳа янада такомиллашмоқда
Унда мамлакатимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизими фаолиятини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вазифалари белгилаб берилди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ўлмас МЕЙЛИЕВ билан суҳбатимиз ушбу фармоннинг вилоятимиздаги ижроси ва бошқарма фаолияти хусусида бўлди.
– Президентимиз фармони асосида вазирлик ва вилоят ҳокимлигининг тегишли ҳужжатлари ишлаб чиқилди ҳамда чора-тадбирлар белгиланди, – дейди Ў.Мейлиев. – Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида бошқармамиз томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, вазирлик таркибига ўтказилган идора ва ташкилотларни қабул қилиб олиш мақсадида уларнинг ҳудудий бўлимларига қарашли бўлган товар-моддий бойликлари ҳамда воситалари тўлиқ инвентаризация қилинди, маълумотлар вазирликка тақдим этилди. Вилоят гидрометеорология бошқармаси, сейсмология институти комплекс экспедицияси Самарқанд тажриба методик участкаси ва "Давсувхўжаликназорат" инспекцияси вилоят бўлими шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, мавжуд бешта шаҳар ва туманлардаги бўлимларга қўшимча равишда Қўшработ, Паст Дарғом ва Оқдарё туманларида ҳам фавқулодда вазиятлар бўлимлари ташкил этилди.
– Фармонда фуқаро муҳофазаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. Бу борада қандай ишлар амалга оширилди?
– Фармонда белгиланган вазифаларга мувофиқ 2017 йил 2 июнда Президентимизнинг "Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори имзоланди. Унда соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар белгилаб берилди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар ва Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари қўшма буйруғи қабул қилинди. Унга асосан вилоятимизда Самарқанд ахборот технологиялари коллежида қутқарувчи мутахассислиги бўйича 28 нафар ўқувчидан иборат гуруҳ шакллантирилди. Бошқарма ва коллеж ўртасида шартнома имзоланди. Ўқув хоналари соҳага оид материаллар ва кўргазмали воситалар билан жиҳозланди. Ўқув машғулотлари тегишли мутахассислар томонидан олиб борилмоқда.
– Суҳбатимизни қиш мавсумида табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида бошқарма томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида давом эттирсак.
– Совуқ кунларда аҳолининг ис газидан заҳарланиши ва шу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқармамиз томонидан қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу борада мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 2 мингдан зиёд хонадонда, 400 га яқин турли объектларда ўрганиш ва тезкор рейдлар ўтказилди. Натижада 3 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди. 192 дона яроқсиз газ ва иситиш мосламалари аниқланди.
Бундан ташқари, Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи "Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз" автомобиль йўлининг Тахтақорача довонида транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавф-хатарсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида туну кун навбатчилик олиб борилмоқда. Бунга тегишли йўл бўлимининг 16 нафар ишчи-ходимлари жалб этилган. Уларнинг хизмат фаолияти учун барча шароитлар яратилган.
– Ўтган йилда вилоятимизда содир бўлган фавқулодда вазиятлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– 2017 йилда 17 та техноген, 4 та табиий хусусиятли, жами 21 та фавқулодда вазият қайд этилди. Уларнинг аксарияти ис гази ва овқатдан заҳарланиш, маиший газ баллонининг чақнаши ва сувдаги нохуш ҳодисалар билан боғлиқ. Бунинг оқибатида 47 киши жабрланди, 46 киши вафот этди.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ
суҳбатлашди.