Фуқаролик судлари 2025 йилда ишга тиклаш масаласида 215 та даъво аризасини кўрди
Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ўтазилган брифингда маълум қилинишича, ўтган йил туманлараро судларда 176 минг 448 та иш кўрилган.
– Кўрилган ишлар таҳлил қилинганда, фуқаролик ишлари 3098 тага, материал тартибида кўрилган ишлар 4807 тага, суд буйруқлари 16202 тага кўпайгани маълум бўлди, – дейди Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Зафар Аллабоев. – Туманлараро судлар ҳар бир судьясининг ўртача ойлик иш ҳажми 490,1 тани ташкил қилди. Вилоят суди биринчи инстанцияда 21 та материал, апелляция инстанциясида 1129 та, кассация инстанциясида 837 та, тафтиш инстанциясида 518 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган.
Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид кўрилган 9120 та даъво аризаларидан 4209 таси қаноатлантирилиб, оилалар ажратилган. Шу билан бирга 528 та иш бўйича тарафлар яраштирилганлиги муносабати оилалар сақлаб қолинган.
Ўтган йил ишга тиклаш масаласида 215 та даъво ариза кўрилиб, 111 та иш бўйича ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Иш ҳақини ундиришга оид 337 та ишнинг 209 таси бўйича талаблар қаноатлантирилди ва ва ходимлар фойдасига 83,1 миллиард сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш масалаларига оид 8907 та иш бўйича талаблар қаноатлантирилган ва вояга етмаган болаларга алимент ундириш ҳақида тегишли суд қарорлари қабул қилинган.
Таъкидланишича, даъво тартибида кўриб тамомланган фуқаролик ишлари низо тури бўйича таҳлил қилинганда, кредит қарздорлиги ҳамда қарз ундиришга оид кўрилган ишлари 28 фоизни, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 20 фоизни, ер низолари 9 фоиз, уй-жой билан боғлиқ низолар 5,5 фоиз ва меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар 1,7 фоизни ташкил этган.
Кўриб тамомланган фуқаролик ишларининг 9325 таси сиртдан иш юритиш тартибида кўрилган бўлиб, ўтган йилни шу даврига нисбатан 228 тага кўпайган.
Вилоят судининг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида туманлараро, туман ва шаҳар судларининг жами 2484 та иши кўрилиб, 456 та ҳал қилув қарор (ажрим)лари ёки апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияларида кўрилган ишларнинг 18 фоизи бекор қилинган, 110 та ҳал қилув қарор (ажрим)лари ўзгартирилган.
