Ғалабани госпиталда қарши олган қаҳрамон

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Михаил Колмогоров ҳам уруш йилларини ички бир ўкинч, армон билан эслайди.

– Ҳеч ёдимдан  чиқмайди, - дейди отахон. - 1945 йил 1 март куни 2-Белоруссия фронтида яраландим. Машинада беш киши эдик. Душман самолёти биз томонга бомба ташлади. Елкамдан  яраландим. Дарҳол ҳарбий госпиталга олиб келишди. Кейин Пенза вилоятига. Бомба қолдиқларини шифокорлар қанча уринишмасин  топа олишмади. Ҳамон у менга урушнинг даҳшатларини ёдга солиб туради. 9 май эрта тонгда ҳамшираларнинг, яраланган аскарларнинг ҳайқириғидан уйғондим. Ҳайрат билан уларга боқдим. Барча хурсанд эди. Шунда билдимки, биз ғалаба қилгандик.

Асли новосибирлик Михаил Колмогоров 1943 йил 13 февралда ҳарбий хизматга чақирилди. Олти ой радиооператорликка ўқиди. Кейин Москванинг Кубинка районига, кейин 2-Украина фронтига олиб келинди. У ерда М.Колмогоров радиооператор бошлиғи бўлиб, икки нафар ёрдамчиси билан фронт ортида немислар ҳаракатини, улар жойлашган жойни аниқлаш ишларини олиб борди.

1944 йил апрелда 2-Белорус фронтида хизмат қилиб, 1945 йил 1 мартда яраланди. Уруш тугагач, 1947 йилнинг кузида Кемерова шаҳрида ўқишни давом эттирди. 1949 йилда Туркистон ҳарбий округига юборилади ва Михаил Колмогоровнинг фаолияти Самарқанд билан боғланади.

- Урушдан кейинги йилларда Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ишладим, - дейди М.Колмогоров. – Нафақага чиқиб ҳам уйда ўтирганим йўқ. Мактабда дарс бердим. Кейинчалик Самарқанд давлат университети ҳарбий кафедрасида ишладим. Турмуш ўртоғим билан икки нафар қизни вояга етказдик. Бугун невараларим, чевараларим, эвараларим дунёнинг турли бурчакларида яшаса-да, ҳар йил келиб кўриб кетишади. Шунингдек, байрамларда ўқувчилар, ички ишлар ходимлари ҳолимдан хабар олиб туради. Бу йил Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 10 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти берилишини эшитиб хурсанд бўлдим.

Юрт учун жонини беришга тайёр бўлган уруш қаҳрамони бугун 95 ёшда. Унинг кўксини умри давомида кўрсатган жасоратлари, қаҳрамонликлари учун олган орден ва медаллар безаб турибди. Уларнинг ҳар бирини олган санаси, воқеаси ҳамон унинг ёдида.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА,

Замира БОЛТАЕВА олган суратлар.