Ғаллага ўроқ тушди
- Пандемия оқибатида четдан ун импортига чек қўйилди. Бундан буён ҳам чеклов олиб ташланмаса, ўзимизда етиштирилаётган ғалла халқимизга етадими? Умуман, бу йил ғалла ҳосилдорлиги яхшими? Қачон ўрим-йиғим ишларига киришилади?
Абдумалик ЭГАМҚУЛОВ,
Ургут тумани.
- Юртимиз ғалла мустақиллигига эришганига кўп йил бўлди. Бу борада хавотирга ўрин йўқ: ғалла ҳам етарли, уни қайта ишловчи корхоналар имконияти ҳам, қуввати ҳам талаб даражасида.
Бу йилги ҳосилга келсак, биргина вилоятимиз деҳқонлари жорий йилда 101 минг 230 гектар майдонда ғалла етиштирди. Ҳосил чўғи ёмонмас. 722 минг 780 тонна дон йиғиштириб олиш мўлжалланган.
Ўрим-йиғим ишлари Пахтачи туманида бошланди. Ғаллакорлар 6 минг 254 гектар майдонда бошоқли дон етиштирди. Бугундан тумандаги 23 та ғалла ўриш комбайни ҳосилни қисқа муддатда ўриб-йиғиб олиш учун ишни бошлади. Айни пайтда фермер хўжаликлари далаларида етиштирилган арпа ҳосили ўрилмоқда. Аниқ маълумотларга кўра, ҳар гектар ердан ўртача 50 центнердан ҳосил олиняпти.
Абдували ХУДОЁРОВ,
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.