Газ корхонасидаги “ўйинлар” ёхуд компьютерга киритилмасдан чўнтакда қолиб кетаётган пуллар

Мажбурий ижро бюроси Пастдарғом туман бўлими томонидан бир нечта фуқароларнинг 3-сонли Пастдарғом туманлараро газ участкаси ходимларнинг қилмишлари юзасидан мурожаатлари ўрганилди, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси.

Хусусан, фуқаро Б.Шукуровани туманлараро газ участкаси ходими М.А. табиий газдан қарзи борлигини, тўламаса тармоқдан узишини, жаримага тортишини айтиб қўрқитади ва 2 млн. 352 минг сўм пулини олиб кетади. Орадан ўн кун ўтиб, турмуш ўртоғи С.Ў.нинг номига расмийлаштирилган тўлов патталарини беради. Лекин тўлов истеъмолчининг ҳисоб-рақамига келиб тушмайди.

Ўтказилган текширишда тўланган 2 млн. 352 минг сўмни М.А. шахсий манфаати учун ишлатиб юборганлиги маълум бўлди. Аслида эса тўлов паттаси берилган бўлса-да, абонент ҳисоб-рақамига келиб тушмаган. С.Ў.нинг қарздорлигини газ участкаси ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат компьютерлар орқали ҳисобдан чиқариб юборган. 

Шунингдек, “Найман” маҳалласида яшовчи Ё.Н.нинг 5 млн. сўм қарздорлигини 3-сонли туманлараро газ участкаси ходими Ж.П. 300 АҚШ доллари эвазига хизмат компьютерлари орқали қарздорликни ҳисобдан чиқаргани аниқланди.

Бундан ташқари, 3-сонли Пастдарғом туманлараро газ участкаси ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат компьютерлари орқали махсус дастурдан фойдаланиб, Мажбурий ижро бюронинг туман бўлими мониторинг ва ҳисоб шўъбаси ходимларига бириктирилган парол орқали ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда 81 нафар истеъмолчиларнинг 227,6 млн. сўмлик қарздорлигини олиб ташлаганлиги ҳамда 124 нафар истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб-варақларига қўшимча равишда 194,6 млн. сўмлик қарздорлик асоссиз киритилганлиги фош этилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Пастдарғом туман бўлими томонидан М.А., Ж.П. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в”,“г” бандлари ва 2784-моддаси 2-қисми “а”, “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Пастдарғом туман прокуратурасига юборилди.