Газ таъминотида аксарият муаммолар кадрлар билан боғлиқ. Айрим туманларда раҳбар йўқ
Кеча ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирманчи сессиясида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Шу жумладан, табиий газ таъминоти билан боғлиқ масала атрофлича муҳокама қилинди.
Сессияда депутатлар ўзи сайланган ҳудудда газ йўқлиги, бор ҳудудларда ҳам босим пастлиги, суюлтирилган газ баллонларининг 80-90 кунда етказиб берилаётгани ва уларнинг нархи ошиб кетаётгани, бу борада баъзи сўровлар жавобсиз қолаётганлигига изоҳ сўради.
“Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ раҳбари О.Исоқулов депутатларнинг саволларига жавоб берар экан, тизимда кадрларга катта эҳтиёж борлиги қайд этди.
Хусусан, Нарпай, Қўшработ ва Ургут тумани бўлим бошлиғи лавозимига муносиб номзод топилмаяпти. Таъминотни яхшилаш, бунинг учун автоматлаштирилган назорат тизимига ўтиш учун 250 та бригадага пайвандчилар керак бўлмоқда.
У шунингдек, тизимда муаммоларни бартаф қилиш бўйича амалга оширилган ишларга ҳам тўхталди. Жумладан, ўтган уч чорак мобайнида “Газли”дан белгиланган лимитдаги суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмагани учун “Шўртан” ва “Муборак” станциялари билан шартнома имзолаган. Бу белгиланган миқдорда суюлтирилган газ баллонларини келтиришга замин яратган. Транспорт паркининг максимал иш режимига ўтказилгани ва иш тизимли ташкил этилгани натижасида аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш муддати ҳам яхшиланмоқда. Жумладан, Қўшработ туманида бугунги кунда бир ой ичида газ баллонлар алмаштириляпти.
Табиий газ таъминотида вазият секинлик билан бўлса-да, яхшиланмоқда. Мисол учун, вилоятда 8 миллион 43 минг куб табиий газ истеъмоли ҳисоб-китоб қилинган. Бироқ 7 миллион 403 минг куб лимит ажратилган. Аксарият кўп қаватли уйларда муқобил иссиқлик манбаси йўқлиги ҳамда техник сабаблар туфайли бугунги кунда 8 миллион 127 минг куб табиий газ истеъмол қилиняпти.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.