Газ таъминотида иш жараёнлари: Ишчи-хизматчилар хавфсизлиги муҳим

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, газ хўжалигида саноат хавфсизлиги бўлими давлат инспекторлари томонидан “Худудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалининг мутахассис ходимлари учун ўқув- амалий семинар ўтказилди.

Мазкур ўқув-семинар “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси ҳамда “Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида”ги ҳамда “Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғисида”ги намунавий низом талаблари асосида ўтказилди.

- Тадбирни ўтказишдан мақсад “Худудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалига қарашли суюлтирилган углеводород газини тўкиш станцияси (ГТС) ва суюлтирилган углеводород газини тўкиш пункти (ГТП)да меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар билим савиясини янада ошириш баробарида улар ўртасида ўзаро тажриба алмашишни ташкил этишга эришиш, яхши ташкил этилган ишни оммалаштиришга қаратилди, - дейди қўмитанинг газ хўжалигида саноат хавфсизлиги бўлими давлат инспектори Зойид Шарапов. - Семинар давомида 2023 йил май ойида Пахтачи тумани, Янгиобод маҳалласида жойлашган “Пахтачи” газ тўлдириш пунктида содир бўлган бахтсиз ходисани такрорланмаслигининг олдини олиш борасида қандай чоралар кўриш кераклиги ҳусусида сўз юритилди.

Ишчи, мутахасис ходимлар томонларидан доим амал қилиши муҳим бўлган “Суюлтирилган углеводород газларидан фойдаланувчи объектлар учун хавфсизлик қоидалари”, “Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисида”ги намунавий қоида ҳамда газдаги хавфли ишларни хавфсиз ташкиллаштириш бўйича намунавий йўриқнома талабларига риоя қилишни таъминлашга қаратилган қатъий талаблар тушунтирилди.

Шунингдек, ўқув-семинар давомида иштирокчиларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ҳам тушунчалар бериб ўтилди.

Жумладан, назорат остидаги хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини ҳамда атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ягона давлат сиёсати юритилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш муҳим вазифа эканлиги айтиб ўтилди.

Техника ва технологияларнинг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида фаолиятни амалга оширувчи мутахассисларнинг малакасини ошириб бориш ҳам асосий йўналиши эканлиги таъкидланди.