Газета ахборот етказувчигина эмас, фикрлар майдони ҳамдир

Бугун эрталаб шогирдимдан келган хабар кайфиятимни бузди:

“Газета нима керак? Унинг вақти ўтганини нега ёши катталар тан олгиси келмайди?” - деб ёзибди бўлажак журналист.

Бу саволда замонавий ёшнинг оҳанги бор - тезкор ахборот, телефондаги хабарлар, видеолар, ижтимоий тармоқлар дунёсида ўсиб келаётган авлоднинг қараши. Аммо журналистика фақат янгилик тарқатиш эмас, у фикр уйғотиш, мулоҳаза қилишга чорлаш, жамиятнинг онгини шакллантириш жараёни ҳамдир. Шу жиҳатдан, газета ҳануз ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Япония тажрибаси - сабоқ эмас, далил

Японияда рақамли технологиялар жуда ривожланган бўлса-да, аҳоли газетадан воз кечмаган. Масалан, йирик япон нашрлари - “Yomiuri Shimbun” ва “Asahi Shimbun” ҳар куни миллионлаб нусхада чоп этилади.

- Бу ерда ҳар бир хонадонда газета ўқиш маданияти болаликдан шакллантирилади, - дейди Япониядаги ватандошимиз Баҳодир Искандаров. - Мактабларда болаларга газетадаги мақолаларни таҳлил қилиш, ижтимоий муаммолар ҳақида фикр билдириш одат бўлиб қолган. Шу орқали улар фақат ахборот олибгина қолмай, жамият ҳаётида фаол фуқаро бўлиб улғайишади. “Ота” деганда боланинг кўз ўнгида ҳар тонг қўлида газета, чой ичаётган инсон гавдаланади. Бу давлатда биргина нашр - “Mainichi Shimbun”нинг адади 8 миллион экан. Етказиб бериш хизмати мукаммал йўлга қўйилган. Газета ҳар тонг обуна бўлган хонадонга кириб боради. Бу оддий техник хизмат эмас, маданиятнинг бир қисми.

Бизда-чи?

Ўзбекистонда ҳам бир пайтлар газетага муносабат бошқача эди. Ҳар бир хонадонда “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, маҳаллий, яъни вилоят, шаҳар ва туман газеталари бўлар эди. Оддий одам ўз қўли билан газета варағини айлантирар, ундан ҳаётни ҳис этарди.

Аммо бугун газеталар сони эмас, уларни ўқувчилар сони камаймоқда. Бунга сабаб кўп: интернет ахборотининг тезлиги, ёшларнинг диққати қисқариши, айрим нашрларнинг замон билан ҳамқадам бўлолмаётгани…

Бироқ энг катта муаммо - ёш журналистлар қаламида. Улар кўпинча ижтимоий тармоқда қисқа видеолар тайёрлашга, “лайк” орттиришга қизиқади. Аммо ҳақиқий журналистика - бу сурат эмас, сўз орқали таъсир этиш санъати. Яхши ёзилган мақола инсонни ўйлантиради, фикрлашга мажбур этади, савол туғдиради.

Газета - фикр мактаби

Агар ёшлар ёзишга эринмаса, ҳар бир мавзуга тадқиқотчи кўзи билан ёндашса, газеталарнинг нуфузи яна ортади. Газета - бу фикр майдони. Унда сенинг сўзинг, жамиятнинг оғриғи, халқнинг интилиши мужассам бўлади.

Газета ўқиш маданиятини қайта тикласак, одамлар фақат хабарни эмас, воқеа сабабини, таъсирини, ечимини ҳам билишга ўрганади. Бу - танқидий фикрлашнинг, онгли авлоднинг асосидир.

Ҳа, дунё рақамлашмоқда. Аммо рақамлар ичида инсон қалби, унинг фикри ҳам йўқолиб кетмасин. Газета - ана шу қалбнинг ифодаси.

Шундай экан, ёш шогирдларга айтар сўзим шундай:

Газета вақти ўтган эмас, балки унинг сўзини қайта эшиттириш вақти келган.

Тўлқин СИДДИҚОВ.