Германия охирги атом электр станцияларини ўчирди
16 апрелга ўтар кечаси Германия ҳукумати ишлаб турган сўнгги учта атом электр станциясини ўчирди. Бу ҳақда ZDF хабар бермоқда.
Бавариядаги Isar-2 атом электр станцияси, Баден-Вюртембергдаги Neckarwestheim-2 ва Қуйи Саксониядаги Emsland станциялари тармоқдан узилган.
"Атом энергетикаси билан боғлиқ хавф-хатарларни авария юз берган тақдирда назорат қилиб бўлмайди", деган Германиянинг атроф-муҳит ва ядровий хавфсизлик вазири Штеффи Лемке.
Парламентдаги Социал-демократик партия фракцияси Twitterда шундай хабар қолдирган: “Атом энергияси! Хайр!" Ўз навбатида, Германия Эркин демократик партияси бош котиби Бижан Жир-Сарай технологиядан бутунлай воз кечмасликка чақирган.
"Deutsche Welle"нинг қайд этишича, 15 апрелда кун давомида атом энергетикаси мухолифлари АЭСлар ёпилишини бир қанча шаҳарларда митинглар орқали нишонлашган. Станциялар ёпилишига қаршилар ҳам кўчаларга чиқишган. Нашрнинг эслатишича, YouGov институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, немисларнинг учдан икки қисми мамлакатдаги сўнгги атом электр стансияларининг ёпилишига қарши.
Германияда ядро энергиясидан умуман воз кечиш қарори 2011 йилда Япониянинг "Фукусима" АЭС ҳалокатидан кейин қабул қилинган эди. Охирги станциялар 2022 йил охиригача ёпилиши керак эди, бироқ Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ва ундан келиб чиққан энергетика инқирози туфайли АЭСнинг тўхтатилиши апрель ойига кўчирилди.