Гиёҳвандликка қарши кураш — қонун устуворлиги ва жамият хавфсизлигининг муҳим кафолати

Гиёҳвандлик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи замонавий жамият учун энг хавфли ижтимоий-ҳуқуқий муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу иллат нафақат инсон саломатлигига, балки жамият барқарорлиги, ҳуқуқ-тартибот ва қонун устуворлигига жиддий таҳдид солади. Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар кўп ҳолларда бошқа оғир жиноятларни келтириб чиқаради...

Умуман, бугунги кунда гиёҳвандлик дунё жамоатчилигини хавотирга соладиган даражада ёйилиб кетмоқда. Охирги 20 йилда кўп мамлакатларда гиёҳвандлик воситалари билан бирга психотроп ва психофаол моддаларни истеъмол қилувчиларнинг сони ошиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда республика ҳудудида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга ошган. Наркологик ҳисобга олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган гиёҳвандлик воситалари истеъмолчилари 60 фоизга кўпайган.

Энди савол туғилади: хўш, ёшларни гиёҳвандлик моддалари таъсирига тушиб қолишига нима сабаб бўлмоқда? Охирги вақтларда бу иллатга ружу қўйиш ҳолатлари нега борган сари кўпаймоқда?

Фикри ожизимча, айримлар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда – алдовлар натижасида унинг қурбонига айланиб қоляпти. Ёшларнинг ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки эътиборсизлик ҳам сабаб бўлмоқда. Бу дардга мубтало бўлганлар орасида ёшлар билан бирга аёллар ҳам борлиги кишини ўйлантиради.

Шу маънода, бугун муаммонинг оқибатлари билан эмас, балки сабаблари билан курашиш самаралироқ. Бу кураш қандай амалга оширилади?

Олдини олиш муҳим...

Албатта, суд ҳокимияти гиёҳвандликка қарши курашишда қонун устуворлигини таъминловчи муҳим институт сифатида фаолият юритади. Суд амалиётида жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлаш орқали жиноятларнинг олдини олишга эришиш мақсад қилиб қўйилган.

Шу билан бирга, судлар жазо тайинлашда фақат репрессив чоралар билан чекланиб қолмасдан, қонунчиликда назарда тутилган тарбиявий ва профилактик таъсир чораларини ҳам қўллайди. Бу эса жиноят содир этган шахсни тузатиш, уни жамиятга қайта мослаштириш ҳамда келгусида ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олишга хизмат қилади.

Таъкидлаш ўринлики, гиёҳвандликка қарши курашишда энг самарали усул — профилактика ҳисобланади. Ёшлар орасида ҳуқуқий онгни юксалтириш, қонун талабларини тушунтириш, гиёҳвандликнинг ҳуқуқий ва ҳаётий оқибатлари ҳақида тизимли тарғибот ишларини олиб бориш катта аҳамиятга эга.

Бу борада таълим муассасалари, оила, маҳалла ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Амалиёт шуни кўрсатадики, ўз вақтида олиб борилган профилактик ишлар кўплаб жиноятларнинг олдини олиш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, гиёҳвандликка қарши кураш — бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки судлар зиммасидаги вазифа эмас. Бу қонунга ҳурмат, фуқаролик масъулияти ва жамиятнинг барча бўғинлари ҳамкорлигини талаб қиладиган умумий мақсаддир.

Қонун устуворлиги таъминланган, соғлом ва ҳуқуқий онги юксак жамиятгина гиёҳвандлик каби хавфли иллатларга қарши самарали кураша олади.

Бегинч Эшқувватов,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.