Грузия ва Россия: кеча ва бугун

Бундан ўттиз йилча аввал Грузия собиқ совет иттифоқи таркибидаги бой, гуллаб-яшнаган, аҳолисининг яшаш тарзи юксак республикалардан бири эди. Бугун Молдавия ва Қирғизистондан ҳам орқада қолиб кетди. Ҳатто Тожикистон ҳам юксалиш борасида Грузиядан олдинда.

Грузия ҳукумати ўзининг 28 йиллик янги тарихида – Гамсахурдия, Шеварднадзе, Саакашвили каби президентлар раҳбарлигида Россия билан иқтисодий-сиёсий алоқаларни кескинлаштирди. Ҳозирги янги раҳбарлари ҳам янги Россияни танқид қилиш, камситиш йўлига ўтиб олган. Ўттиз йилдирки, грузин раҳбарлари Fарбга, АҚШга интилади, лекин республика аҳолисининг турмуш тарзи оғирлигича қолмоқда.

Бир неча кундирки, нисбатан ўзига тўқ шаҳарлари – Тбилиси ва Батумида Россияга қарши митинглар бўлиб ўтмоқда. Грузин Бош вазири М.Бахтадзе тартибсизликларнинг бош айбдорлари қаттиқ жазоланади, деб таъкидласада, аҳ­вол ўнгланмаяпти.

Шу ўринда тарихга бир назар ташласак. Россияга қарши бўлаётган норозилик митингларининг моҳияти нимага бориб тақалади? 1783 йилнинг июлида подшо Иракли II Шарқий Грузиянинг Картли, Кахетия подшоликлари Россия қарамоғига ўтиши ҳақидаги шартномага имзо чекади. Ўша йилнинг ноябрида пушкалар билан қуролланган Россиянинг иккита батальони, Тифлисга кириб келади...

Похожее изображение

Йиллар давомида Грузия Россия ҳомийлигида ривожланиш пиллапояларини босиб ўтди. Чой ва вино бренди билан дунёда донг таратди. Бу ҳақда Грузия халқ артисти Софико Чиарели "Аргументы и факты" газетаси мухбири Георгий Зотовга шундай деган эди: "Бизнинг республикамиз собиқ иттифоқ даврида ҳақиқатан ҳам гуллаб-яшнади. Мустақил бўлгач янада ривожланамиз, деб ўйлаган эдик. Ваҳоланки, нефт ва газ бизга тегишли эмас. Бунинг учун Россияга долларда ҳақ беришимиз керак экан." ("Аргументы и факты". 2019 йил, 29-сон).

Россия ва Грузия муносабатларининг бузилишида биринчи президент Звиад Гамсахурдиянинг айби катта. У қайта-қайта таъкидлади: "Бизнинг аҳволимиз ёмонлашаётганига руслар сабабчи. Биринчи навбатда улар бизни газ таъминотидан узиб қўйди..."

ХАРОБАЛАР ИЧИДАГИ ҲАЁТ

– Мен Тбилисининг кўҳна кварталлари бўйлаб одимлаяпман, – деб ёзади журналист Г.Зотов. – Мамлакат пойтахти Тбилиси ўзини Европа қитъасига қарашли, деб ҳисоблаб, Европа иттифоқига кириш учун интилмоқда. Руставели майдонидаги мамлакат парламенти биносига беш дақиқада етиб бориш мумкин. Майдонда Россияга қарши митинг давом этмоқда. Митинг қатнашчиларининг асосий қисми "Россия – босқинчи" деб ёзилган оқ футболкаларни кийиб олган. Қимматбаҳо плазмали экранлар ўрнатилган.

"Россия – бизнинг душман" мавзуидаги клиплар намойиш қилиняпти.

Шу ўринда атрофдаги уйларга назар ташлайман. Бу ерда оддий инсонлар яшайди. Биноларнинг айрим қисмлари ўпирилиб кетган. Ҳудудни яқинда бомбардимон қилишгани яққол кўриниб турибди. Ярим-яланғоч болконларда кийимлар, чойшаблар қуритилмоқда. Ягона ҳожатхонадан фойдаланишади. Айрим уйлар ёнига қийшайиб ётибди. Бироқ, аҳоли яшашга мажбур – бошқа борадиган жойи йўқ.

Янги қурилган уйлар жуда ҳам қиммат. Ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Собиқ президент Саакашвили ҳукмронлиги давридан буён янги қурилган биноларнинг лифти пуллик. 20 тайри (5 рубл) тангани ташласангиз, лифт сизни фақат юқорига чиқаради. Пастга ўзингиз тушасиз. Кекса кишилар уйларидан кам чиқишади, иқтисод қилишади. Ўртача пенсия Грузияда 6600 рубл. Коммунал хизматлар Россиядагидан ҳам қиммат.

– Мен икки йилдан буён ишсизман, – дейди собиқ тадбиркор Константин Чекветадзе. – 2002-2008 йиллар Москвада бозор бошқарувчиси эдим. Ишим яхши эди, кўп пул топардим. Грузияда уруш бошлангач, Ватанга қайтдим. Ҳозир яна Москвага бормоқчиман. Лекин, икки мамлакат ўртасидаги 11 йил аввал тўхтаган дипломатик алоқалар Россияга қайтиб боришга тўсқинлик қилмоқда. Қачон қайта виза оламан, номаълум. Ўртадаги воситачилар 3000 доллар сўрашмоқда. Лекин, менда бунча пул йўқ.

ИМПОРТ БИЗНИ БУҒМОҚДА

Орқага қайтишда ҳайдовчи билан қишлоқларнинг бирида кафега кирдик. Енгил чой ичиш мақсадида ўтиришимиз билан тамаддихона эгаси яқингача фермер бўлганини таъкидлади. Сўнг фермерликни йиғиштирибди.

– Импорт бизни қийнаб қўйди, – дейди у. – Ҳозир бозорда анжир туркларники, ўрик арманларники, узум Озарбайжондан келяпти. Ҳосилни йиғиштириб оламиз, арзон нархда сотамиз, фойдаси кам. Грузия ўзини ўзи таъминлай олмаяпти. Деҳқонлар ишламай қўйди, Тбилиси, Батумига иш излаб кетишмоқда. Мен Россияга бормоқчиман, лекин виза берилмаяпти. Амалдорлар Европага визасиз боришни тавсия этишмоқда. Фақат рус тилини биламан, немис, француз тилларини билмайман. Ёшим 45 да. Энди тил ўрганишим қийин. Биз Россияга жуда кўп мева сотишимиз мумкин. Фермерларимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантирар эди. Бу ҳақда ким ўйлайди?

Похожее изображение

Грузин қишлоқларини кезиб, шу ҳақиқатга амин бўлдимки, нима учун улар Россияга қарши митинглар ўтказишмайди? Чунки маҳаллий аҳоли камбағал яшамоқда, муқим иш йўқ, имконият бўлди, дегунча чет элга иш излаб кетади. Улар доллар топиш учун исталган томонга талпинмоқда.

Грузинларнинг бирдан-бир орзуси Россия билан алоқаларни тиклаш. Виза олиб, топилган ишга – қурилишга, бозорга, таксига, рес­торанга ишга жойлашса бўлгани.

Руставели майдонида тўпланаётган "намойишчилар" ишсизликдан азият чекмаяпти. Уларнинг қорни тўқ. Fарб ғоясига сиғиниб, мамлакатлар ўртасидаги дўстликни, савдо, маданий алоқаларни бузмоқда.

...Бугунги Тбилисини кўрган одам жуда ачинади. Вайрона кўчалар, бузилиб ётган уйлар, ишсиз одамлар, поймол бўлган чой плантациялари, тўхтаб қолган корхоналар, боғ-роғлар...

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ тайёрлади.