Гул кўтарган аёл

(ҳикоя)

У ўттиз беш-ўттиз ол­ти ёшлардаги гўзал аёл. Келишган, бўлиқ. Лаблари қалин, қошлари ингичка терилган, кўзлари кулиб туради. Сўзлари мулойим, самимий. Соч турмаги, билинар-билинмас қилинган пардози, либослари ўзига ярашиб, гў­заллик ва жозибада бир-бирини тўлдиради - кўзга яқин, дилбар. Бир қарашда бойвучча хонимлардек таассурот қолдиради. Ҳаё­ти тўкисдек. Оппоқ машина миниб юради. Ишга машинасида қатнайди.

Банкдаги ҳамкасб эркаклар унга зимдан суқланиб-суқланиб боқишади, аммо иш юзасидан таш­қари, юрак ютиб гапира олишмайди. Яқинда иш­га келган, икки ойдан бери бир хонада ўтираётган Равшан охири тиш ёриб:

- Лазиза опа, поччага ҳавасим келади-да, - де­ди.

- Нега? - синовчан қаради у.

- Сиздай гўзал аёлга уйланган…

Лазиза бирдан жим бў­либ қолди. Ҳали уйланмаган йигитнинг лутфи мақсадини англаб-англамай хаёлга чўмиб, беихтиёр олдидаги қоғозларни йиғиштира бошлади. Йигит эса ҳаддимдан ошдим, хафа қилиб қўй­дим, деб ўйлади ва бирдан олдини олди.

- Кечирасиз, опа. Нотўғ­ри тушунманг. Сиздай қизга уйланишни орзу қи­ламан… У ҳам доим сиздай гўзал бўлиб юришини хаёл қиламан. Шунга… орзуларимни айт­дим-да, кечирасиз…

- Орзуга айб йўқ. Ам­мо… - Лазиза яна жим бў­либ қолди. - Майли, мен кредит бўлимига бориб келай…

У бўлимда анча қо­либ кетди. Келса, Равшан чиқиб кетган экан. Қўнғироқ қилди.

- Равшанжон, бунча эрта чиқиб кетибсиз?

- Опа, сизни кутдим, келавермаганингизга эртароқ чиққандим. Эртага ҳайит-ку. Қишлоққа боришим керак. Ота-онамнинг қабрини зиёрат қилишга.

- Ҳа… Майли, яхши бориб келинг.

Лазиза гўшакни қўйди-ю, чуқур хўрсинди…

У атрофга шом пардаси ёйила бошлаган бир пайтда ишдан чиқиб, аввал гул бозорига кирди ва кичик гулдаста харид қилди. Сўнгра бозорга тушиб, ота-онасига ҳайитлик ол­ди. Уйга борди. Ўғли билан қизи ки­йиниб, тайёр туришган экан, уларни машинага миндириб, қишлоққа йўл олди.

Қизи бешинчи, ўғли учинчи синфда ўқийди. Лазиза уларни эрталаб мактабга кузатиб, кейин ишга кетади. Тушда аввал ўғли, кейин қизи ўқишдан келади ва онаси эрталаб тайёрлаб қўйган овқатни иситиб ейишади. Сўнг кечгача - то Лазиза ишдан келгунича ўзлари овуниб ўтиришади - дарс қилишади, телевизор кўришади, бино олдига чиқиб, қўшни болалар билан ўйнашади.

«Аллоҳим, болаларим ўзингга омонат», - дейди Лазиза ҳар куни уларни мактабга кузатиб қўйганда. Уй билан мактаб ораси узоқ эмас, бир километр ҳам чиқмайди, аммо ўртада иккита катта кўча бор. Икки ёш бола, шаҳар, сер­қатнов кўчалар, уйда ёл­ғизлик… газ, электр, сув… Бахтига қизи чаққон, сергак. Рўзғорни ҳам, укасини ҳам эплайди. Лазиза эрталаб овқат қи­лишга улгурмаган кунларда укасига тухум қовуриб беради ёки мактаб ошхонасида ов­қатланишади. Уйда нимадир етишмаса, дў­конга ёки маҳаллага яқин бозорчага ҳам чиқиб келаверади. Бундай пайтларда Лазиза уни - қош-кўзлари ўзига худди қуйиб қўй­гандек ўхшайдиган қи­зини алқаб, эркалаб қўяди.

- Қизим, даданг бўлганида бу ишларингни кў­риб, қанчалар хурсанд бў­ларди-я… Менинг шундай ақлли қизим бор, деб ҳаммага мақтарди. Кундалигингни кўриб, қанча қувонарди.

Қизча онасининг армон ва меҳр қоришиқ сўзларидан эриб кетади-да, секин онасига суяниб олади.

- Жоним менинг… - Лазиза қизининг сочларини силайди, пешанасидан ўпиб қўяди. - Шукрки, бахтимга икковларинг бор экансизлар… - Сал нарида дарсини қилиб ўтирган ўғлига қарайди. - Икковларинг менинг икки қанотим!

Ўғли онасига бир қа­раб қўяди-да, яна дарсга шўн­ғийди. Лазиза бозорга ёки бирор жойга боргудек бўл­са, ўғли билан кетади. Ҳам эга, ҳам даст­ёр. Ўрганади, дейди. Аммо ўғли ёш - эркалик қилгиси келади. Ҳозир ҳам уй вазифаларини қилиб бўл­гач, сир­ғалиб онасининг ёнига келиб олди. 

- Ая, кеча Сардорнинг дадаси велосипед олиб берибди. Бугун мактабда ҳаммага мақтанди. Менгаям олиб беринг...

Бундай пайтларда аёлнинг ич-ичидан, юрагининг туб-тубидан нималардир япроқдек чирт-чирт узилгандек бўлади, тўлиб кетади, бўғзига тиқилган ғусса қа­роқларини эзади, аммо у тишини тишига босади.

- Албатта, олиб бераман, ўғлим. Аммо йигитлар олган нарсалари билан мақтанмайдида. Улар кучи, билими билан фахр­ланишлари керак. - У жигарбандини бағрига босади. - Сен кимнинг полвони?

- Сизнинг…

- Жоним менинг… Тезроқ катта бўлсанг, сенга машинамни бераман. Ҳам­ма жойга миниб борасан. Хоҳласанг, мактабгаям ми­ниб бор. Сенга ҳамманинг ҳаваси келади. Уу, машинаси бор экан, дейди.

- Машинангни ким олиб берди, деса нима дейман, ая!

- Дадам берган, дейсан…

- Менинг дадам йўқ-ку, ая?

- Бор! Ана, сурати турибди-ку! Сенга ўхшаган чиройли йигит. Солдат! Айтасан-да, дадам аямга машина совға қилган. Аям энди уни менга берди, дейсан.

- Ҳа… - бола мийиғида жилмаяди. - Лекин ая, мен машинани ҳайдолмайман-ку, оёғим етмайдида.

- Унгача катта бўласанда, ўғлим!

- Бу-ундайми? - бола жойидан туриб кетади ва қулочини кенг ёзиб кўрсатади.

- Ҳа, шундай… - она синиққина жилмаяди. - Қани, қани, менинг ўғлим бобосига ўхшаб бир раис бўп юрсин қани?

Болакай қўлини орқага қилиб, қорнини олдинга чиқариб, кенг-кенг қадам ташлаб уй ичида юра бошлайди.

- Юришларингга ўлайда… - Онанинг кўзларига ёш келади. - Болам, агар даданг бўлганида, сенинг бундай раис буваларга ўхшаб, гердайиб юришларингдан шунчалар хурсанд бўларди…

- Ая, мен лекин дадамга ўхшаган аскар бўлмайман.

- Нега? - онани ток ургандай бўлади.

- Мениям урушда порт­латиб юборишса-чи?

- Болам… - Она чидаб туролмади, ўғлини бағрига босиб, йиғлаб юборди. - Ундай дема, болам. Ҳеч ундай дема. Аскарлик шараф! Ватан ҳимояси шараф-ку, болам. Даданг қуролдошлари билан бирга ватанимизни террорчилардан ҳимоя қиламан деб жанг қилган-ку!

- Билама-ан… Лекин менига бир нима бўлса, сизга ким қарайди?

Онанинг аъзои бадани титраб, тили айланмай қолди.

- Тавба дегин, болам. Юртимиз тинч, ҳеч қачон уруш бўлмасин.

- Шунинг учун мен бобомга ўхшаб, раис бўл­моқчиман. Кейин ҳамма менинг айтганимни қилади. Сизниям биров хафа қилолмайди.

- Оҳ, болам-а… - Лазиза ўғлининг пешанасидан ўпди. Патила сочларини силади. - Мен дадангдай мард, жасур ҳарбий бўлишингни орзу қиламан. Майли, болам, ким бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин. Жуда дадангга ўхшайсан, илоҳим умринг ўхшамасин…

Кечагина уйда бўлган бу гапларни эслаб, йўлда хаёлга берилган Лазиза гўё турмуш ўртоғи қаршисида пайдо бўлгандек илкис тормоз босиб юборди. Машина ғилдираклари чийиллаб кетди.

- Ҳа, ая?.. - қизи қўрқиб кетди. Ўғли эса қийқириб юборди.

- Ая, яна шундай тормоз беринг. Зўр чийилладида-а!

- Сенга шунақа жинниликлар бўлса-а, ўғлим… - Лазиза сир бой бермади. Эҳтиёткорлик билан йўл танобини тортиб кетаверди.

…Эрталаб ўғли билан қизини етаклаб, гулдаста кўтариб, қайнотаси, қайнонаси билан бирга қабристонга борди. Лазиза етти йилдан бери бу ерга - мангу сукунат масканига гул кўтариб келади: турмуш ўртоғининг туғилган кунида, дунёдан кўз юмган кунида, хотира кунида ва икки ҳайитда… Ҳар гал болаларини ҳам олиб келади. Кўрсин, билсин, кўниксин, англасин ва Ватан учун жон фидо қилган отаси борлигини ҳис этсин.

У қабр бошида узоқ қо­либ кетди. Доим шундай. Қайнота-қайнонаси ҳам бунга кўниккан. «Майли, бир енгил тортсин…» деб индашмайди ва невараларини олиб, ташқарида кутиб туришади. Бугун ҳам шундай бўлди.

Лазиза марҳумнинг ҳаққига тиловат қилиб, кўнглида неки бор, Яратгандан сўраб, ич-ичидан йиғлаб ўтирганида кимдир «Лазиза опа» деди. Ўгирилиб қараса, ҳамкасби, ҳамхонаси Равшан. Кўзлар тўқнашди. Равшан ҳайрон, Лазизанинг эса дунёси зимистон…

- Опа, сизнинг қаерлик эканлигингизни сўрашга ҳеч ҳаддим сиғмаганди. Шаҳарлик бўлса керак деб ўйлардим, шу тумандан экансиз-да?

Лазиза бош ирғаб қўй­ди ва рўмоли учи билан ёноқларидаги ёшни артди.

- Кечирасиз, опа, хў­жайинингиз дунёдан ўтганми?

Лазиза «Нима ишинг бор?» дегандек ялт этиб қаради, аммо Равшан кутмаган сўзни айтди.

- Йўқ, у тирик!

Лазиза шундай деди-да, ўрнидан туриб, уни кутаётган қайнота-қайнонаси ва фарзандлари томон дадил юриб кетди. Равшан эса йигирма тўққиз йилгина яшаган аскар йигит қабртошига ўйчан тикилиб қолди…

Ўша куни болалари билан қайнота уйида қолгани учун Лазиза эртасига ишга кечикди. Борса, Равшан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ташлаб кетибди… Ҳарбий бўл­моқчи экан, хизматга кетармиш...

Холиёр Сафаров.