Гулистондаги коронавирусга чалинган беморларни даволаш марказидаги портлаш бўйича қўшимча маълумот берилди

Бугун, 7 октябрь куни соат 08:13 да Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги "Алпомиш" спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирус инфекциясига гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида кислород баллони портлаши содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати берган маълумотга кўра, кислород баллонида салбий ҳолат юзага келган, бироқ ёнғин келиб чиқмаган.

Воқеа жойига зудлик билан вилоят ҳокими, вилоят прокурори, давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқ ва ходимлари етиб келиб, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг терговчи ва бошқа тезкор ходимларидан иборатфавқулодда ҳолатлар бўйича штаб, тезкор-тергов ва ахборот-таҳлил гуруҳлари тузилган. Ҳамкор ташкилотларнинг тезкор-қидирув ва қутқарув кучлари тўлиқ жалб қилиниб, салбий ҳолат оқибатлари бартараф этилмоқда.

«Салбий ҳолат оқибатида мажмуада кислород станциясига хизмат кўрсатган 1 нафар фуқаро Д.М. тан жароҳати олиб, республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилиб, керакли тиббий муолажалар кўрсатилмоқда, салбий ҳолат оқибатида вафот этган фуқаролар йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган.

Мажмуадаги беморлар республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиали, вилоят ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига тўлиқ жойлаштирилиши таъминланган. Мажмуа ва унинг атрофида жойлашган биноларга моддий зарар етган (бино бузилиши ва йирик талофатлар мавжуд эмас).

Ҳозирда моддий зарар миқдори аниқланмоқда», дейилади вилоят ИИБ хабарида.