Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳнинг 131 млн АҚШ доллари миқдоридаги активлари Ўзбекистонга қайтиши ҳал бўлди — Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг тергов доирасидаги ҳамкорлиги ва биргаликдаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлари натижасида Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг активларини мусодара қилиш бўйича ишлар Швейцария суд органларига оширилган.

Ундирилиши лозим бўлган жами сумма давом этаётган жиноий иш жараёнига боғлиқ бўлади, лекин тахминан 686 миллион АҚШ долларга тенг.

Ушбу ишлар Швейцария судларида кўриб чиқилиб, тахминан 336 миллион АҚШ доллар узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 млн АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтиши ҳал бўлди, 205 млн АҚШ доллари бўйича эса якунига етмоқда, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳозирги кунда, қўшимча тахминан 350 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди.

Ушбу битимнинг тузилишига 2 йил давомида Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги ва ваколатли идоралари ҳамда Швейцариянинг Ташқи ишлар вазирлиги ва манфаатдор вазирликлари билан БМТ иштирокидаги самарали ҳамкорлик, шунингдек, пухта амалга оширилган ишлар ва бир неча давралардан иборат музокаралар бўлиб ўтди.

Мазкур битим ноқонуний орттирилган 131 млн АҚШ долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.

Хусусан, маблағларни қайтариш Бирлашган миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Фонди” деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.

Қайтарилаётган маблағлар ижтимоий соҳага йўналтирилиши, асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга ишлатилиши режалаштирилмоқда.