Гвинея-Бисау президенти Зеленскийга Путин музокараларга тайёрлигини билдирди. Зеленский-чи?

Гвинея-Бисау президенти Умару Шисоку Эмбало Россия президенти Владимир Путиннинг Украина етакчиси Владимир Зеленский билан музокарага тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Эмбало Зеленский билан бўлиб ўтган қўшма брифингда айтди.

“Кеча мен Россияда эдим, президент Путин билан учрашдим, у мендан сизга хабар беришимни, сиз билан гаплашишимни сўради. У менга Зеленский билан музокараларга тайёр эканлигини айтди”, — деди Гвинея-Бисау раҳбари.

Путиннинг таклифига изоҳ берар экан, Зеленский Россия аллақачон Украинага ҳужумларда Эроннинг 400 та учувчисиз қурилмасидан фойдаланганини эслатди. “Мана қанақа мулоқот ҳақида гапирди жаноб Президент. Мана сизга сўзлар ўрнига 400 та ракета. Умуман олганда, биз тинчлик тарафдамиз, мана сизга диалог", дея қўшимча қилди у.

Музокараларни давом эттиришдан олдин Зеленский Россияга Украина инфратузилмасини ўққа тутишни, Қора денгиздаги Украина портларини тўсиб қўйишни ва ядровий қурол билан таҳдид қилишни тўхтатишни талаб қилди.

"Россия томони сигналларига келсак, жаноб Президент Россия кўприклар тузатмоқчилигини айтди. Мен эса айрим давлатлар ўртасида кўприк бўлиши учун инфратузилмани портлатмаслик зарурлигини айтдим. Шунда эҳтимол, келажакда бирор нарса ҳақида гаплашишимиз мумкин бўлади. Яна бир масала - ким билан гаплашиш керак? Россия берган иккинчи савол, муносабатларни блокдан чиқариш зарурлиги... Келинг, блокни очишни Қора денгиздан бошлайлик. Учинчидан, ҳамма ядровий таҳдиддан қўрқмоқда, бу барча риторика Россия Федерациясидан келмоқда", деган Зеленский.

Зеленский Путиннинг ташаббуси маҳаллий рус аудиторияси ва Россия Федерацияси билан алоқаларини узмаган мамлакатлар аудиториясига қаратилган "режалаштирилган риторика" эканлигини айтди:

"Принципиал равишда қандайдир мулоқот ҳақида гапириш учун бир мамлакат иккинчисини, унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва чегараларини ҳурмат қилиши керак. Ҳозирча булар ҳеч қайсиси йўқ".

Россия ва Украина тинчлик музокараларини Россиянинг Украина ҳудудига бостириб киришидан кўп ўтмай бошлаган эди. Музокаралар Туркияда олиб борилган, бироқ апрель ойида музокаралар музлатилди.

Шундан сўнг Украина расмийлари Россия билан музокараларни давом эттиришдан бош тортиб, фақат ғалаба мамлакатни бир неча йил ичида янги босқиндан ҳимоя қила олишини айтди.

Сентябрь ойи охири - октябрь ойи бошида Россия Украинанинг жануби ва шарқидаги босиб олинган ҳудудларни аннексия қилди. Шундан сўнг Владимир Зеленский Россия Федерацияси билан мулоқотга тайёрлигини, лекин буни бошқа президент билан амалга оширишини айтди. Бир неча кундан кейин у “Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб бориш мумкин эмаслиги” ҳақидаги фармонни имзолади.