Ҳали кузатилмаган ҳолат: Собиқ фермер судда ютиб чиқди - қолган гап МИБда...

Балки бўлгандир, аммо мен эшитмаганман. Янги фермер ерларини ўзига қўшиб олган эски фермерни, шу жумладан, унинг ишчиларини далага яқинлаштирмайди. Далада меҳнат қилишига йўл қўйса ҳам унга ҳақ тўламайди. Аммо собиқ фермер янги фермердан ҳеч нарса талаб қилолмайди, агар қилса ҳам фойдаси бўлмайди.
Пайариқ туманидаги собиқ фермер эса янги фермердан ўз ҳақини ундирадиган бўлди.
2019 йил январь ойида Пайариқ тумани мақбуллаштириш Кенгаши ва «Мадад» муқобил машина трактор парки раиси кўп тармоқли (чорвачилик, пиллачилик, асаларичилик, пахта ва ғаллачилик) доимо давлат режаларини ортиғи билан бажариб келган "Салимов Сардор даласи" фермер хўжалигини тугатди.
Унинг ер майдони якунланган йилда давлатга пахта сотиш режасини зўрға 53,6 фоизга бажарган “Акобир саховати” фермер хўжалигига қўшиб юборилди.
Бу билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги талабларини қўпол равишда бузишди.
Афсуски, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги қарори асл моҳиятини яширишди. Хўжалик бўйича йиғилиш қилиб, қарор ўрганилмади, яхши фермерлар танланмади, минг ғаламисликни ўйлаб топиб, ерларни давлат режаларини бажармаган ва қарзга ботган фермерларга ҳам беришди.
Оқибат нима бўлди?
Фермер хўжалиги тугатилса-да, умидсизлика тушмаган Б.Очилов 11 нафар ишчилари билан пудрат асосида меҳнат қилди. Ўзининг техникаси ва ишчилари билан ерни тайёрлади, чигитни экди, пахтага агротехник ишлов берди. Қўйингчи, ўз ҳисобидан жами 69 миллион 580 минг сўмлик харажат қилди. Жумладан, 44 миллион 180 минг сўмлик техника хизматини амалга оширди. Натижада 233 миллион 730 минг 969 сўм пахта сотиб, 107 миллион 55 минг 903 сўм соф фойда олди. Йилни пахта, ғалла ва пилладан 124 миллион 739 минг 399 сўм даромад билан якунлади.
Бироқ пилла боққан 7 нафар ва бошқа 4 нафар доимий ишчиларнинг иш ҳақлари ҳисоботи ва 0,1 фоиз пенсия фондига ўтказиладиган маблағ ҳақида В.Ботиров давлат солиқ инспекциясига ҳисобот топширмади. Оқибатда Пайариқ тумани Бандликка кўмаклашиш маркази “Акобир саховати” фермер хўжалиги раиси В.Ботировга нисбатан даво аризаси киритди. Пайариқ тумани маъмурий суди В.Ботировнинг йўл қўйган қонунбузарликларини ҳисобга олиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Рост, бу билан ҳеч нарса ўзгармади, аниқроғи В.Ботиров суд қароридан тўғри хулоса чиқармади. Оқибатда 11 нафар собиқ "Салимов Сардор даласи" фермер хўжалиги ишчиларининг иш ҳақи тўғрисидаги қайта ҳисоботни бугунга қадар Пайариқ тумани давлат солиқ инспекциясига топширгани йўқ. Бу билан В.Ботиров сунъий равишда 11 та иш ўрнини йўқ қилди. Афсуски, ҳалигача асоссиз йўқ қилинган бу иш ўринларини Пайариқ тумани давлат солиқ инспекциясига қайта ҳисобот топшириш орқали тикланиши кун тартибида турибди.
Бировнинг ҳақи юқадими?
Рост, бировнинг ҳақи бировга юқмайди. Аммо В.Ботиров бу ҳаётий ҳақиқатни англаб етмади, чоғи.
Негаки, у бошқа фермерларнинг улушига шерикчилик қилиш ҳисобига пахта учун гектарига 1 тоннадан зиёд кимёвий ўғит чиқарди (Очилов Бекзод эса гектарига 450 килограмдан). Аслида шунча ўғит далага чиқарилса, бир гектар пахтадан 60 центнер ҳосил олиш ва белгиланган режа-топшириқни 200 фоизга бажариш мумкин. Бироқ у давлатга пахта сотиш режасини бор йўғи 61,7 фоиз қилиб уддалади, холос.
Оқибатда пахта етиштириш учун ишлатилган ресурс маблағларини қоплашга унинг даромади урвоқ ҳам бўлмади. Мавсум охирида пахта етиштиришдан 108 миллион 473 минг 261 сўм қарз билан чиқди. Пахта, ғалла ва пилладан қарздорлиги 164 миллион 106 минг 421 сўмни ташкил қилди.
Қарзни эса қўшилган "Салимов Сардор даласи" фермер хўжалигининг 124 миллион 739 минг 399 сўмлик соф даромади билан қоплади. Оддий қилиб айтадиган бўлсак, собиқ фермер хўжалиги аъзоларининг - бугунги пудратчиларнинг ҳақига кўз олайтирди.
Албатта, бу муаммо юзасидан иш судга оширилди.
Суд адолатни тиклади-ю, ноқонуний ўзлаштирилган, яъни бошқаларнинг пешона тери билан топилган маблағлардан В.Ботиров савдо дўкони, ресторан қурди, техник хизмат кўрсатиш ишини кенгайтирди ва техника сотиб олди. Ўзининг ҳалол топган пулига қилган бўлса, қандини урсин...
Шу ўринда ортга бир қур назар ташлаб олсак. "Салимов Сардор даласи" фермер хўжалиги тугатилгач, унинг собиқ раҳбари Б.Очилов илгари ишлатиб келган ерларида деҳқончилик қилишига янги фермер билан келишди. Бу келишув пудрат шартномаси орқали расмийлаштирилди. Очиғи, айнан шу шартнома йил якунига келганда ҳақини талаб қилиш учун муҳим аҳамият касб этди. Хўш нима бўлди?
Йил якунида В.Ботиров собиқ "Салимов Сардор даласи" фермер хўжалиги ишчиларининг шартномага кўра, кўрсатилган даромадларини бермагандан сўнг Б.Очилов 2020 йилнинг 22 январь куни зарарни ундириш учун фуқаролик судига ариза берди. 2020 йил 21 май куни фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро суди очиқ сайёр суд мажлисида (суд раиси Ф.Шарипов) даъво аризаси қисман қаноатлантирилди. Давогар Б.Очилов фойдасига 81 миллион 226 минг 673 сўм ундирилиши ҳақида қарор чиқарилди.
Тўғриси, В.Ботировнинг ўзига қолса, собиқ "Салимов Сардор даласи" фермер хўжалиги 11 нафар ишчиларининг ҳақини беришни хаёлига ҳам келтирмайди. 11 оиланинг (пудратга бирлашган 11 нафар ишчининг орқасида уларнинг бутун бошли оила аъзолари турибди) бор умиди Мажбурий ижро бюросидан...
Салим ОЧИЛОВ,
Самарқанд давлат университети доценти.