Ҳам стикерсиз ҳаракатланган, ҳам машинаси ойналарини рухсатсиз қорайтирган ҳайдовчи қўлга тушди

Бугун Самарқанд шаҳрига кирувчи ва чиқувчи 27 та тўсиқ постлар мавжуд. Уларда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ва масъул ташкилот вакиллари карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда хизмат олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 26 апрель куни соат 14.30 лар атрофида Самарқанд шаҳрига кирувчи йўл бўйлаб ҳаракатланиб келаётган 30 Z 345 ТА давлат рақам белгили «Ласетти» автомашинаси шаҳарга кирувчи 3-тўсиқ постда тўхтатиб текширилди.

Ушбу ҳолатда мазкур транспорт воситаси ҳайдовчисининг Самарқанд шаҳри ҳудудида ҳаракатланиши учун махсус рухсатномаси, яъни стикери йўқлиги, қолаверса вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг тегишли рухсатномасини олмасдан транспорт воситасининг ойналарини қорайтириб олганлиги аниқланди.

Ушбу ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига қўйилди.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати.